Бухорода “Озарбайжон маданияти: Адабиёт ва санъат ҳафталиги” доирасида дўстлик концерти ташкил этилди
Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Бухоро вилояти расмийлари, маданият ва санъат намояндалари, жамоатчилик вакиллари, маҳаллий аҳоли ҳамда шаҳар меҳмонлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Акиф Марифли Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, биродарлик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.
У давлат раҳбарлари томонидан маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлаш қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратиб бераётганини қайд этди.
Акиф Марифли “Озарбайжон маданияти: Адабиёт ва санъат ҳафталиги” доирасидаги тадбирларни ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишга кўрсатган амалий ёрдами учун Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, Бухоро давлат университети ҳамда Ўзбекистон давлат филармониясининг Бухоро вилояти бўлимига ўз миннатдорлигини билдирди. Шунингдек, у Озарбайжон маданиятини Ўзбекистонда кенг тарғиб этиш ва танитишга қаратилган лойиҳалар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олишини таъкидлади.

Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров ўз нутқида Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларини муштарак тарихий илдизлар, бой маданий мерос ҳамда миллий-маънавий қадриятлар бирлаштириб туришини алоҳида таъкидлади. У Бухорода Озарбайжон маданиятига бағишланган туркум тадбирларнинг ўтказилиши икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этиб, бундай маданий лойиҳалар ўзаро маданий алмашинув, миллий меросни кенг тарғиб этиш ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этишини билдирди.
Расмий чиқишлардан сўнг Озарбайжон ва Ўзбекистон санъаткорлари иштирокида бой ва ранг-баранг концерт дастури намойиш этилди. Концерт давомида икки қардош халқнинг бой мусиқий мероси, миллий-маданий қадриятлари ҳамда кўп асрлик санъат анъаналарини ўзида мужассам этган турли мусиқий асарлар ижро этилди.
Озарбайжон ва Ўзбекистон санъаткорларининг маҳорат билан ижро этган мусиқий асарлари концерт дастурига ўзгача файз ва жозиба бағишлаб, томошабинларга кўтаринки кайфият улашди. Тарихий Кўкалдош мадрасасида ташкил этилган мазкур маданий тадбир маҳаллий аҳоли ва шаҳар меҳмонлари томонидан катта қизиқиш ҳамда гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.
Мазкур концерт дастури Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки халқнинг бой мусиқий меросини ўзаро тарғиб этиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга муҳим ҳисса қўшди.





