Улуғбек Рашитовдан муваффақиятли юриш, дзюдочиларни эса катта синов кутмоқда
Бугун ҳам ўзбекистонликлар учун омадли бошланди.
Ўзбекистон делегацияси Хитойда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида 5 та олтин, 6 та кумуш ва 11 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 4 ўринни сақлаб турибди.
Эътиборлиси, делегациянинг ҳар икки байроқдори Осиё ўйинларида шоҳсупага кўтарилди:
Музаффарбек Тўрабоев (дзюдо, олтин);
Зайнаб Дайибекова (қиличбозлик, бронза).
Таэквондо WТ бўйича Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Улуғбек Рашитов (-68 кг) Осиё ўйинларини ғалаба билан бошлади. Гонконглик Фунг Лога қарши баҳс олиб борган ҳамюртимиз икки раундда 14:1 ва 16:4 ҳисобларида устун келди.
Илиас Илиадис бошчилигидаги дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аралаш жамоавий дастурдаги иштирокини бошлади. Чорак финалдан баҳсларга киришган ҳамюртларимиз Таиландни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди. Ушбу босқичда юртдошларимизга Хитой рақиблик қилди.
Ярим финалда хитойлик спортчилар билан баҳс олиб борган ҳамюртларимиз 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионлик учун баҳс олиб борадиган бўлди. Жамоамизга финалда дзюдо ватани Япония жамоаси рақиблик қилади.
Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг ғалабали иштироки давом этади. Жасур Жайсунов (-80 кг) ҳамда Феруза Содиқова (-67 кг) ҳам дастлабки жангларини муваффақиятли ўтказишди. Жайсунов қувайтлик Бандар Aленезини, Содиқова эса таиландлик Сасикам Тонгчанни мағлубиятга учратиб, чорак финал йўлланмасига эга бўлишди.
Қўшниларимиздан Тожикистон 12, Қирғизистон 14, Қозоғистон 16 ва Туркманистон 25 ўринда бормоқда.