Болалар омбдусмани Алия Юнусова расман ишдан кетдими?
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади.
Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) Алия Юнусова ҳозирда қисқа муддатли даволанишда ва лавозимдан кетганича йўқ.
Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот котиби Фотима Мадраҳимова Platina.uz мухбирига маълум қилди.
Фотима Мадраҳимовага кўра, умуман олганда бола ҳуқуқлари бўйича вакил алоҳида институт саналади. Лекин тизим бирлиги сабаб ушбу вакил Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан ҳамкорликда фаолият кўрсатади.
Алия Юнусова даволаниш таътилидан қайтгач, Олий Мажлис қарорига кўра лавозимидан олиниши мумкин, чунки уни айнан шу ташкилот сайлаган. Бунгача ҳеч бир орган уни истеъфога чиқара олмайди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Алия Юнусова ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали лавозимини тарк этишини маълум қилганди.
"Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мен болалар ҳуқуқлари бўйича вакил сифатидаги фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан. Муҳтарам президент Шавкат Мирзиёевга бола ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорчилик билдираман", — деб ёзганди у.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади. Мазкур лавозимга эса номзодни президент тавсия этади.