Россияда яна ҳарбий сафарбарлик бўладими? Путин жавоб берди
Россияда 2022 йил 21 сентябрдан 31 октябргача қисман сафарбарлик бўлиб ўтганди.

Охирги 6-7 ой ичида Россияда 270 мингга яқин киши ихтиёрий равишда ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома имзолади. Россия президенти Владимир Путин қўшимча сафарбарлик мумкинми деган саволга шундай жавоб берди.
“Биз 300 минг кишини чақирдик. Ўтган 6-7 ой давомида 270 минг киши Қуролли Кучлар ва кўнгиллилар бўлинмаларида хизмат қилиш учун ихтиёрий равишда шартнома имзолади”, — деди у.
Путиннинг гапидан англашиладики, янги сафарбарликка ҳозирча эҳтиёж йўқ.
Путиннинг таъкидлашича, одамлар буни "онгли ва ихтиёрий равишда", "Ватан манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳаётларини йўқотишлари мумкинлигини англаб етган ҳолда қабул қилмоқда".
Россияда 2022 йил 21 сентябрдан 31 октябргача қисман сафарбарлик бўлиб ўтганди. Октябр ойи охирида Мудофаа вазирлиги 300 минг кишини захирадан жалб қилиш бўйича топшириқ бажарилгани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг Путин сафарбарлик масаласи “ниҳоясига етганини” айтганди.
Сафарбарлик васвасаси сабаб юз минглаб россияликлар мамлакатдан чиқиб кетди. Уларнинг бир неча ўн минги Ўзбекистонга ҳам келиб жойлашди.
Шунингдек, сентябр ойи бошида Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев 2023 йил январидан бери Россия Қуролли Кучларида 280 мингга яқин киши шартнома асосида хизматга қабул қилингани, уларнинг баъзилари кўнгиллилар эканлигини маълум қилганди.




