ФҚБ АҚШга ноқонуний кирган ўзбекистонликларни қидирмоқда
Жорий йил бошида чегара хизмати ходимлари жанубий чегарада Марказий Осиёдан келган бир гуруҳ одамларни қўлга олганди, дея хабар бермоқда CNN.
АҚШ Федерал қидирув бюроси “Исломий давлат” террорчилик гуруҳи билан алоқаси бўлган, контрабандачилар кўмагида Мексика билан жанубий чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, AҚШга кирган ўзбекистонлик муҳожирларни қидирмоқда. Бу ҳақда Washington Examiner нашри ёзмоқда.
Жорий йил бошида чегара хизмати ходимлари жанубий чегарада Марказий Осиёдан келган бир гуруҳ одамларни қўлга олганди, дея хабар бермоқда CNN. Гуруҳ аъзолари бошпана сўраган ва қамоқдан чиқарилгунга қадар ФҚБнинг террор рўйхати ва AҚШ жиноий маълумотлар базасида текширилган ва иммиграция бўйича суд муҳокамаларигача мамлакатда қолишга рухсат берилганди.
Aммо воқеадан кейин олиб борилган федерал текширувлар гуруҳ ИШИДга хайрихоҳ эканлигини аниқлади ва АҚШ расмий доираларида хавотир уйғотди.
Бундан ташқари, бир қанча Ўзбекистон фуқаролари жиноий таҳдид сифатида текширилмоқда, деди AҚШ расмийлари CNN телеканалига. Ўзбекистонликларнинг 15 дан ортиғи қидирилиб, ФҚБ назорати остида қолмоқда. Уларнинг умумий сони ва топилмаганлар сони ошкор этилмаган.
Ўз ўрнида Федерал қидирув бюроси Washington Examiner нашрига берган баёнотида "яқинда AҚШга жанубий чегарадан кирган чет эл фуқаролари билан боғлиқ аниқ террорчилик режасини аниқламаганини" айтди.
Ички хавфсизлик департаменти эса муҳожирларни жанубий чегарада текширишда ўз ролини ҳимоя қилди ва унинг ходимлари бор маълумотлар асосида ўзбекларни текширганини айтди.