Америка орзуси ва 42-бўлим бекор қилиниши оқибатлари
Ўтаётган ҳафтада АҚШ чегарасидаги ўтиш пунктларида Covid-19 муносабати билан ўрнатилган чекловлар бекор қилинди. Кеча бошпана олиш борасидаги буйруқнинг 42-бўлими бекор қилинди. Бу тартиб соғлиги “жамоат саломатлигига хавф туғдириш мумкин” бўлган мигрантларни ортиқча бюрократик ташвишларсиз тез депортация қилишни назарда тутар эди. Шунга қарамасдан, мигрантларни сақлаш махсус жойларида ўринлар тўлиб-тошган. Бироқ чегардан ўтишлар миқдори кутилганидан кўра камроқ ҳажмда қолмоқда.
Президент Байден маъмуриятининг бутун дунёда мигрантлар оқими ортишининг оқибатларига қарши кураш бўйича ҳаракатлари кеча АҚШ ва Мексика чегарасида дастлабки янги синовларга дуч келди.
Аввалроқ 42-бўлимнинг бекор қилиниши чегарада хаосни кучайтириши кутилган эди. Чунки бошпана сўраш умидида чегарадан ўтиб олишни мақсад қилган мигрантлар оқими ортиб кетиши прогноз қилинган эди.
Гарчи аввалгидан ҳам кўпроқ мигрант ўтгани натижасида, чегара ҳудудларидаги мигрантлар билан ишловчи ташкилотларга иш кўпайган бўлсада, чекловлар бекор қилинганидан кейинги дастлабки соатларда чегарада у қадар тартибсизликлар кузатилмади.
Ҳукумат амалдорлари, янги сиёсатга мавофиқ, “тегишли учрашув белгиламасдан ёки мавжуд қонуний йўллардан фойдаланмасдан кириб келган ҳар қандай мигрант сиёсий бошпана олишга ҳақли эмас”, дея баёнот беришди. Ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас эса “Чегаралар очиқ эмас”, дея янада кескинроқ баёнот берди.
Шунга қарамасдан, чегара патрулларининг изоляторларида минглаб мигрантлар ҳамон ўз тақдирлари қандай ҳал қилишини кутиб ўтиришибди. Уларни яқин кунларда қўйиб юборишлари мумкин. Бу эса чегара олди ҳудудларида, хусусан, Эл-Пасо шаҳрида ноаниқ ҳуқуқий вазиятни вужудга келтиради. Эль-Пасо мэри журналистларга “Бу ҳали бошланиши эканини биламиз”, дея интервью берди.
Федерал амалдорлар бир иммиграцион сиёсатдан бошқа янги сиёсатга ўтиш қийин бўлиши ҳақида аввалдан огоҳлантиришган эди.
Маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада айрим кунлари жанубий чегараларни 11000 киши ноқонуний кесиб ўтган ва чегара хизматининг изоляторларида ўринлар тўлиб қолишига олиб келган. Охирги 2 йилда чегарани кунига 5000-7000 одам ноқонуний кесиб ўтган. Расмийлар кунига 8000 ва ундан кўп одам кесиб ўтишини “ҳаддан зиёд” оқим деб ҳисоблашади.
Байден маъмурияти эса тегишли буйруқ бекор қилинганидан сўнг чегарани кунига 14000 гача одам кесиб ўтишини кутишаётганини маълум қилган.
Пайшанба куни Флоридадаги федерал судья АҚШ чегара хизматига мигрантларни уларга иммиграцион судга келиш ҳақидаги расмий билдиришномани топширмасдан қўйиб юбормаслик ҳақида буйруқ берган. АҚШдаги иммиграция тарафдорлари эса Байден маъмуриятининг янги қонунларини бекор қилиш мақсадида судга даъво киритишган. Бундай ҳуқуқий тортишувлар ҳали кўп давом этадиганга ўхшайди.
Шу билан бирга, Байден маъмурияти мигрантлар учун “CBP One” мобил иловасини тарғиб қилмоқда. Бу илова ёрдамида мигрантлар аввалдан учрашув белгилашлари ва шунга мувофиқ чегарага келиб, қонуний бошпана сўрашлари мумкин бўлади. Бироқ илова кунига фақат 1000 та учрашув белгилай олади. Масалан, ўтган куни 24 май учун очилган 1000 та ўринга 62000 дан зиёд мигрант ариза жўнатган.
Мигрантлар оқиминниг ортиши АҚШ чегараларидан узоқ шаҳарларга ҳам босим кўрсатмоқда. Масалан, Техаснинг 3 та шаҳри - Браунсвилл, Ларедо и Эль-Пасо 42-бўлим бекор қилинишидан аввалроқ фавқулодда ҳолат эълон қилишган. Шунингдек, кўплаб мигрантлар автобусларда Нью-Йорк, Бостон, Чикаго шаҳарларига жўнатилган. Ҳатто чегарадан анча узоқда жойлашган Мэн штатининг Портленд шаҳри маъмурияти ҳам мигрантлар учун вақтинча бошпаналарда жой қолмагани ҳақида маълум қилган.