Мактаб бозори: нарх-наво қандай?
Мактаб бозоридаги нарх-наволар аҳолини қониқтиряптими? Platina.uz бу бўйича кичик сўровнома ўтказди.
Янги ўқув йили яқинлашаётгани сайин мактаб ёшидаги фарзанди бор кўпчилик ота-оналарни қизиқтираётган мавзулардан бири бу мактаб бозори. Аввалроқ биз бу йилги “мактаб бозори” даги нархларни ўрганиб, ундан сизларни хабардор қилган эдик. Хўш, мактаб бозоридаги нархлар аҳолини қониқтирдими, битта болани мактабга тайёр ҳолатда юбориш учун қанча маблағ сарфланди? Шуларни билиш мақсадида кичик сўровнома ўтказдик.
Айримлар нархлар ошиб кетишини билган ҳолда бир ой аввалдан мактаб бозори қилиб бўлганлигини айтишса, айримлар “ҳали қилмадик, энди қиламиз” ёки “мана бугун кетяпмиз” дейишмоқда.
Аҳолимизнинг айтишича, битта болага ўқув қуролларининг ўзига 300-500 минг сўм атрофида маблағ сарфланган, кийим-кечаклар билан 1 миллион 800 минглар атрофида харажат қилинган. Улар: “Мактаб формалари жуда қиммат, ўқув қуролларини ҳам, мактаб формаларини ҳам қиммат бўлсаям олишади. Барибир керакда”, дейишмоқда.
Яна бир она: “3 та боламга ўқув-қуролларию мактаб формасига 5 миллионлар кетса керак” дейди.
Бироқ мактаб бозорининг нархидан қониқаётганлар ҳам бор. Тўғри, ҳамманинг ўз ҳамёни бор ва мавсумий бу сарф-харажат ҳам ўз ўрнида бировга кимгадир оғирлик қилади, баъзиларга эса меъёрида саналади. Шундай экан, мавсумий ҳисобланган мактаб бозорининг ҳам турли таклифларини эринмай обдон ўрганиб, сизга маъқул келадиган меъёрни танлаб харидни амалга ошириш ўринли бўлади.
Одинахон Деҳқонова