Шавкат Мирзиёев Қорабоғдаги мактабга борди
Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.
Озарбайжоннинг Қорабоғ заминида Ўзбекистон қурган мактаб очилди унда Ўзбекистон раҳбарияти ҳам қатнашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифининг иккинчи кунида икки давлат раҳбарлари рафиқалари билан бирга Фузулий ва Шуша шаҳарларига ташриф буюрдилар.
Ўтган қарийб 30 йилда Фузулий буткул вайрон бўлиб, “арвоҳ шаҳар”га айланган эди. Ҳарбий ҳаракатларга қадар бу ерда 18 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилган.
2020 йилда қайта тиклаш ишлари бошлангач, шаҳарга аста-секин ҳаёт қайтмоқда. Уй-жойлар қурилиб, ижтимоий ва транспорт инфратузилмаси бунёд этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2021 йил 31 март куни ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.
Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Президент ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.
Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.
Янги мактаб халқларимизни янада яқинлаштириш, ўсиб келаётган озарбайжонлик ўғил-қизларни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига, буюк аждодларимизнинг меросига ошно қилишга хизмат қилади.
Икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга байрамона тасмани кесиб, мактабни тантанали равишда очдилар.
Президентлар ўқув бинолари ва мактаб ҳудуди билан танишиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашдилар, уларга ўқишда муваффақият тиладилар.
Сўнг давлат раҳбарлари Фузулий шаҳрида барпо этилаётган уй-жой мажмуасига ташриф буюрдилар.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида давлатлараро кенгаш тузилганди.