platina.uz

Энергетика тизимидаги раҳбарлар фавқулодда иш режимига ўтди

1 октябргача 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш вазифаси қўйилди.

Жамият
11 август 2023 йил
Энергетика тизимидаги раҳбарлар фавқулодда иш режимига ўтди

Масъул раҳбарлар куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун бугундан бошлаб фавқулодда режимга ўтади. Бу ҳақда президент йиғилишида маълум қилинди.

Энергетика комплекси раҳбарлари ва ҳокимларга тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан қатор топшириқлар берилди.

Иккинчи ярим йилликда 30 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш ва 41 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш, уларни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш; ер ости газ омборларида газ захирасини камида 3,5 миллиард куб метрга етказиш топширилди.

1 октябргача 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш вазифаси қўйилди.

Аҳолининг талабини тўлиқ қоплаш учун ҳудудларга қўшимча 35 минг дона газ баллонларини етказиб бериш, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 335 минг тонна суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш топширилди.

Йил якунига қадар 400 минг тонна бензин ишлаб чиқариш ва 120 минг тонна импорт қилиш зарурлиги таъкидланди.

Энергетика комплекси раҳбарияти вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда йил якунига қадар 3,7 миллиард киловатт соат электр ва 2,4 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш чораларини кўради.

Ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида, тадбиркорлик объектларида яна 250 мегаватт қуёш панелларини ўрнатиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботи ҳам тингланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+