Тошкентда қизга тегажоқлик қилган шахс ўн йилга қамалди
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Тошкент шаҳри Миробод туманида жорий йилнинг апрель ойида содир бўлган ҳолат юзасидан ҳукм ўқилди. Унда номаълум шахс мактаб ўқувчисига тегажоқлик қилгани айтилганди.
Бугун жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида О. О. (1997 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, ишсиз, муқаддам судланмаган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С. Содиқов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ О. О. Жиноят кодексининг 25,118-моддаси (номусга тегишга суиқасд қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.




