Ёнғинларга қарши ҳукумат жиддий кураш бошлади
Қарорда айтилишича, 2022 йилнинг ўзидаёқ жами 10 260 та ёнғин рўй бериб,284 киши жабрланган.
Вазирлар Маҳкамасининг "Ёнғинлар профилактикаси самарадорлиги ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори эълон қилинди, унда ёнғинларга қарши жиддий чоралар кўрилиши белгиланди.
Қарорда айтилишича, 2022 йилнинг ўзидаёқ 10 260 та ёнғин рўй бериб,284 киши жабрланган, 107 киши вафот этган, жисмоний ва юридик шахсларга 214,6 млрд. сўмлик зарар етказилган.
Хусусан, Қўқон, Хива ва Бухоро бозорлари, Фарғона шаҳридаги караоке клубда рўй берган ёнғинлар талофатли бўлди. Айниқса Фарғона шаҳридаги ёнғин Ҳукумат комиссияси томонидан ўрганилганда, иншоотда бу ҳодисага қарши етарли чоралар кўрмагани маълум бўлди. Шу сабабдан:
— субъектларнинг ёнғиндан огоҳлигини ошириш, ёнғин қарши чоралар кўрилганликни рағбатлантириш;
— ёнғин хавфсизлиги талабларини кучайтириш. уни бузган шахсларга жазо муқаррарлигини таъминлаш;
— давлат ёнғин назорати соҳасига замонавий технологияларни олиб келиш эвазига нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
ФВВ, вилоятлар, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўзаро ҳамкорликда 2023 йил 1 сентябрдан "Ёнғиндан огоҳлик" умуммиллий кампаниясини бошлайди. 2024 йилдан бошлаб кампания доирасида субъектлар ўртасида "Ёнғин хавфсизилиги аълочиси" танлови ташкил этилади ва танлов ғолибига 100 миллион сўм бир марталик ёрдам пули берилади ва икки йил мобайнида ёнғин хавфсилиги идоралари томонидан фаолияти текширилмайди.
2023 йил 1 ноябрдан ёнғин хавфсизлиги ташкилотларининг ижобий хулосалари олмасдан туриб, ер, бино ва иншоотлар сотув ва аукционларга чиқарилмайди.
Шунингдек, соҳада давлат назоратини такомиллаштириш мақсадида "йўл харитаси" тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда Ўзбекистон бўйлаб бир қатор талофатли ёнғинлар кузатилди. Жумладан, Қўқон, Бухоро, Хива, Чортоқ бозорларида ёнғинлар кузатилди. Фарғона шаҳридаги клубдаги ёнғинда эса олти киши ҳалок бўлди, етти киши жабрланди.