Пайариқдаги маҳаллалар оғир ҳудуд тоифасидан чиқарилмоқда
Бу тажриба кейинчалик вилоятнинг бошқа ҳудудларини қамраб олади.
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги Оққўрғон ва Сорисув маҳаллаларида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича ишлар қилинмоқда.
Президент Халқ қабулхонаси, вазирликлар, қўмиталар ва вилоят секторлари масъулларининг Оққўрғон маҳалласидаги ўрганишлари натижасида умумфойдаланувдаги Саройқўрғон, Лангар кўчаларининг 3 км. қисмини асфальтлашга киришилган бўлса, Пўлатчи, Қиёт, Баландқўрғон каби ўнга яқин тупроқ кўчалар тош йўлга айлантириляпти.
Ҳудуддаги 480 та эскирган симёғочларни бетон устунларга алмаштириш, 10,2 км тармоқни янгилаш ва учта қўшимча трансформатор ўрнатиш белгилаб олинди.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда асосан юрак-қон томир, асаб касалликлари ва ортиқча вазн билан боғлиқ хасталиклар аниқлангани боис шифокорлар беморларни даволаш билан бирга, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш бўйича аҳолига етарлича тушунча-ю амалий ёрдам ҳам беряпти. “Кексалар саломатлиги ойлиги” доирасида уйма-уй юрилиб, нуронийлар тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Беморлар бепул дори-дармонлар, ногиронлиги бор инсонлар реабилитация воситалари билан таъминланяпти.
Аҳолини ишли-даромадли қилиш учун ҳам бор куч-имконият ишга солиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 30 дан зиёд инсонларга тикув машиналари, мотокультиватор, пайвандлаш ускуналари олиб берилди.
Қисқа муддатда ички имкониятлар ҳисобидан Пайариқнинг Оққўрғон маҳалласида ҳам “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари жорий қилинади. Бу тажриба кейинчалик вилоятнинг бошқа ҳудудларини қамраб олади.