platina.uz

Россия аскарлари наркотиклар таъсири остида урушга кирмоқда

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, Россия аскарлари бу адолатсиз урушда нафақат тез қирилиб кетмоқда, балки жисмонан мажруҳ бўлиб, энг ёмони гиёҳванд бўлиб қолган ҳолатда қайтишмоқда. Ачинарлиси, уларни даволаш учун Россияда жой ҳам, малакали шифокорлар ҳам етишмаяпти.

Жаҳон
2 август 2023 йил
Россия аскарлари наркотиклар таъсири остида урушга кирмоқда

Россия аскарлари гиёҳванд моддалар таъсири остида Украинадаги урушга ташланмоқда. Россиянинг Кемерово вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими New Tab нашрига шу ҳақда маълумот берган. Ходимнинг сўзларига кўра, рус аскарлари уруш зонасида доимо ҳушёр, фаол ва кўтаринки кайфиятда бўлиш учун амфетамин қабул қилишмоқда. Унинг сўзларига кўра, психостимуляторлардан фойдаланиш «деярли ҳар бир урушда» кузатиладиган ҳолат ҳисобланади.

«Беморларимиздаги жароҳатлар, албатта, муаммо. Аммо, менинг фикримча, кенг тарқалаётган ва потенциал хавфга эга асосий муаммо — наркотик қарамликдир. Оддий қилиб айтганда, урушдан қайтганларнинг кўпчилиги ёки пиёниста, ёки гиёҳванд бўлиб қолишмоқда», - деган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими.

Кемероволик шифокор кунига 200-250 беморни кўришга мажбур бўляпти. Ҳарбий хизматчилар устуворлик асосида қабул қилинади, албатта. Кузбасс касалхоналарида беморлар кўплигидан жой деярли йўқ. «Шунинг учун шифохонада кексалар, аёллар ва бошқа тинч аҳоли қатламлари учун шароит янада ёмонлашмоқда», дейди ходим.

Ходим гиёҳвандларнинг аниқ сонини айта олмади. Бундай маълумотлар одатда ошкор қилинмайди, қатъий сир тутилади.
Таъкидлаш керак, Россия Украинага бостириб кирганидан буён, турли манбларга кўра, 200 мингдан зиёд рус аскари ҳалок бўлган ёки мажруҳ бўлиб қолган. Кузбассдаги икки йирик шаҳардан бири Кемеровада Украинадаги босқинчилик урушидан келтирилган ҳарбий беморлар учта шаҳар шифохонасида даволанишади. Ҳозирда жароҳат олган рус аскарлари ҳисобига бу ерда жой танқислиги жуда кучайган. Бу ҳам камлик қилгандек, яқинда мазкур шифохона ходимларини Россия босиб олган ерларга жўнатиш ҳақида Москвадан янги буйруқ келган. Бу талаб бажарилса, нафақат жой, балки малакали шифокорлар танқислиги ҳам бошланади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+