Россия Украинага қарши урушга ёллаган хорижликларнинг ярми Марказий Осиёдан экани маълум бўлди
Украина расмийларига кўра, Россия 2022 йил февралида тўлиқ миқёсли босқин бошлаганидан бери жами 44 мамлакатдан 24 мингдан ортиқ хорижликни урушга юборган. Уларнинг қарийб ярми Марказий Осиё фуқаролари экани очиқланди.

Украинанинг ҳарбий асирлар билан ишловчи идораси маълум қилишича, Россия сафида жанг қилиш учун ёлланган ва Украина қўлида асирликда бўлган 44 давлат фуқаролари мавжуд.
Украина расмийлари журналистларга тақдим этган маълумотларга кўра, Россия 2022 йил февралида Украинага тўлиқ миқёсли босқин бошлаганидан бери 44 мамлакатдан 24 мингдан ортиқ хориж фуқароларини урушга юборган.
Аввал эълон қилинмаган ушбу маълумотларга кўра, Украина Колумбиядан Камерунгача, Италиядан Хитойгача бўлган давлатлар фуқароларини асирга олган.
Маълумотлар Украинадаги Ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи штаб томонидан жамланган бўлиб, улар босқин бошланганидан 2025 йил охиригача бўлган даврни қамраб олади. Маълумотларнинг бир қисми Россия армияси ичидаги манбалардан олинган.
Россия томонидан урушга энг кўп юборилган аскарлар Марказий Осиёдан бўлган. Яъни Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон фуқароларидан иборат жами 11 157 нафар одам урушга ёлланган. Улардан камида 1 399 нафари ҳалок бўлган.
Center for Strategic & International Studies (CSIS) ҳисоботига кўра, 2022 йил февралидан 2025 йил декабригача Россия армиясининг умумий йўқотишлари (ҳалок бўлганлар, яраланганлар ва бедарак йўқолганлар) тахминан 1,2 миллион кишини ташкил этган.
Бироқ таҳлил маркази уруш шароитида йўқотишларни аниқлаш қийин ва ноаниқ бўлишини, томонлар эса сиёсий мақсадларда рақамларни ошириб ёки камайтириб кўрсатиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган.
CSIS маълумотларига кўра, Украина йўқотишлари Россияникининг тахминан ярмига тенг.
Украина Мувофиқлаштирувчи штаби вакилининг айтишича, Россия Шри-Ланка, Непал, Ҳиндистон ва Покистондан жангчилар ёллашни тўхтатган. Бу давлатлардан камида 1 794 нафар жангчи юборилган эди.
Россия армиясига ёлланган 751 нафар шри-ланкаликдан камида 275 нафари жангларда ҳалок бўлган.
Жангчилар чатботлар, ижтимоий тармоқлардаги реклама орқали интернетда, шунингдек маҳаллий воситачилар ёрдамида ҳам ёлланади.
