Путин Россиясининг Марказий Осиёдаги таъсири қандай камаймоқда?
Қозоғистон энди уни фақат “кичик шерик” сифатида қабул қилиш мумкин бўлмаган даражада муҳим ўйинчига айланмоқда.

Россия президенти Владимир Путиннинг 2026 йил 27-29 май кунлари Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи сўнгги йиллардаги постсовет ҳудудидаги энг кўрсаткичли воқеалардан бири бўлди.
Расман олганда, гап анъанавий иттифоқчилар музокаралари, Евроосиё иқтисодий иттифоқи тадбирларида иштирок этиш ва икки томонлама келишувларнинг навбатдаги пакетини имзолаш ҳақида бораётган эди. Ташриф якунларига кўра атом энергетикаси, нефт-газ соҳасидаги ҳамкорлик, молиявий ўзаро муносабатлар, валюта свопи ва давлатлараро шерикликка оид ҳужжатлар имзоланди.
Бироқ дипломатик протокол ортида анча чуқурроқ жараён яширин эди. Остонага шунчаки Россия президенти эмас, балки сўнгги йиллардаги энг йирик Россия делегацияларидан бири ҳам ташриф буюрди. Унинг таркибига иқтисодий блок, энергетика, транспорт, саноат ва молия соҳалари вакиллари кирган эди.
Бу ҳолат муҳим саволни туғдиради: агар Россия ҳамон минтақанинг шубҳасиз етакчиси бўлса, нега у ўзининг энг яқин иттифоқчисига нисбатан бунчалик кенг кўламли дипломатик сафарбарликка эҳтиёж сезмоқда?
Жавоб Евроосиёнинг ўзгариб бораётган геосиёсий архитектурасида ётади. Россия энди ўн ёки ўн беш йил аввалги каби Марказий Осиёда сиёсий, иқтисодий ва стратегик монополияга эга эмас. Шу билан бирга, Қозоғистон ҳам йирик давлатлар ташқи сиёсатининг объекти бўлишдан чиқиб, минтақавий жараёнларга таъсир кўрсата оладиган мустақил ўйинчига айланиб бормоқда.
Путиннинг май ойидаги Остонага ташрифи айнан бир қутбли минтақавий тизимдан кўп қутбли ва мураккаброқ моделга ўтиш жараёнини намоён қилди.
Марказий Осиё энди Россия вассали эмасми?
Постсовет даврининг катта қисми мобайнида Россия Марказий Осиё учун асосий тортиш кучи бўлиб қолди. Москва асосий транспорт йўлакларини назорат қилар, минтақанинг бош ҳарбий ҳамкори ҳисобланар, меҳнат миграциясининг катта қисмини қабул қилар ва кўплаб товарлар учун энг йирик бозор вазифасини бажарар эди.
Бироқ 2022 йилдан кейин минтақавий мувозанатни ўзгартираётган жараёнлар бошланди.
Биринчидан, Хитойнинг таъсири кескин кучайди. Агар йигирма йил аввал Пекин асосан савдо ҳамкори сифатида қабул қилинган бўлса, бугунги кунда Хитой Марказий Осиё инфратузилмасига энг кўп сармоя киритаётган давлат, хомашёнинг энг йирик харидори ва йирик лойиҳаларнинг асосий молиялаштирувчисига айланди.
Қозоғистонга ташрифидан олдин Путин Хитойга борган эди. Анъанавий “стратегик шериклик” ҳақидаги баёнотларга қарамай, Москва ўзининг энг муҳим масалалари бўйича кутилган ютуқларга эриша олмади. Россия учун Европа газ бозорини йўқотиш ўрнини босиши керак бўлган Сибир кучи-2 газ қувури лойиҳасининг якуний бошланиши эълон қилинмади. Хитой ҳам Россия ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича янги сиёсий мажбуриятлар олмади. Пекин прагматик ёндашувини сақлаб қолди ва Россия билан фақат ўз миллий манфаатларига мос келувчи соҳалардагина ҳамкорликни давом эттирди. Хитой Россия учун тўлиқ иқтисодий ёки геосиёсий “қутқарув ҳалқаси” бўлишга тайёр эканини кўрсатувчи белгилар ҳам кузатилмади.
Асосий хулоса шундан иборатки, бу ташриф Россия-Хитой муносабатларининг муваффақиятсизлигини эмас, балки янги воқеликни кўрсатди. Бу воқеликда Россия тобора кўпроқ Хитойнинг кичик шериги сифатида ҳаракат қилмоқда ва Пекин шартларини ҳисобга олишга мажбур бўлмоқда.
Шу сабабли Путиннинг кейинги Қозоғистон ташрифини Россия ўз таъсири нисбатан кучлироқ бўлиб турган ҳудудларда позицияларини мустаҳкамлашга уриниш сифатида баҳолаш мумкин.
Иккинчидан, Туркия, Форс кўрфази давлатлари, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон фаоллиги сезиларли даражада ошди.
Учинчидан, минтақанинг ўзидаги давлатлар ҳам мустақил ташқи сиёсат юритишда анча ишончли бўлиб қолди. Бу ҳолат айниқса Қозоғистон ва Ўзбекистон мисолида яққол кўринади. Натижада Марказий Осиё ташқи бошқарув майдонидан бир нечта куч марказлари рақобатлашадиган ҳудудга айланиб бормоқда. Москва ҳануз муҳим ўйинчилардан бири бўлиб қолмоқда, аммо энди у майдонда ягона эмас.
Нима учун Қозоғистон минтақанинг асосий давлатига айланди?
Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Қозоғистон ресурслар, география ва сиёсий вазннинг энг қулай уйғунлигига эга. Қозоғистон минтақадаги энг йирик иқтисодиёт ҳисобланади. У нефт, газ, уран ва нодир ер металларининг улкан захираларига эга. Мамлакат Евроосиёнинг асосий транспорт йўлаклари кесишмасида жойлашган. Бундан ташқари, Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ичида нисбатан ривожланган молиявий тизим ва энг диверсификация қилинган ташқи сиёсатга эга. Айниқса Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Туркия орқали Европага чиқувчи “Ўрта коридор”нинг ривожланиши муҳим аҳамият касб этди. Россия-Украина можароси бошланганидан кейин мазкур йўналишнинг аҳамияти янада ошди. Хитой учун бу Европа бозорларига чиқишнинг қўшимча каналига айланди. Европа учун эса Россия транзитига қарамликни камайтириш воситаси бўлди. Қозоғистон учун географик жойлашувни сиёсий капиталга айлантириш имконини берди. Агар аввал Қозоғистон Россия ва Хитой ўртасидаги транзит ҳудуд сифатида кўрилган бўлса, бугун у Евроосиёнинг мустақил логистика марказига айланмоқда.
Тўқаев ва янги қозоқ дипломатияси
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев постсовет ҳудудидаги энг тажрибали дипломатлардан бири сифатида намоён бўлди. Сўнгги йилларда Қозоғистон Россия билан стратегик шерикликни сақлаган ҳолда Хитой, Европа Иттифоқи, АҚШ, Туркия ва араб монархиялари билан муносабатларни ҳам чуқурлаштиришга муваффақ бўлди.
Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий хусусияти бир томонни танлаш эмас, балки барча томонлар билан бир вақтнинг ўзида ишлай олиш қобилиятидир.
Зеро, Остона Россияга қарши коалицияларга қўшилмайди. Бироқ Россия сиёсатининг воситасига ҳам айланмайди. Хитой билан яқин алоқаларни сақлайди. Лекин ҳаддан ташқари иқтисодий қарамликдан қочади. Ғарб билан муносабатларни ривожлантиради. Бироқ Россияга қарши плацдармга айланмайди. Бу ёндашув Қозоғистонга бир вақтнинг ўзида барча йўналишлардан манфаат олиш имконини беради. Амалда бу глобал етакчиликка даъво қилмайдиган, аммо мустақил сиёсат юритиш учун етарли ресурсларга эга бўлган “ўрта давлат” модели шаклланаётганини англатади.
Путин аслида нима истаган эди?
Кўплаб кузатувчилар ушбу ташрифни Россия куч-қудрати намойиши сифатида кўрсатишга уринмоқда. Бироқ делегация таркиби ва музокаралар мазмуни бошқачароқ талқинни ҳам таклиф қилади.
Россия Қозоғистонга биринчи навбатда иқтисодий кун тартиби билан келди. Имзоланган келишувлар атом электр станцияси қурилиши, энергетик ҳамкорликни кенгайтириш, молиявий механизмлар ва янги инвестиция лойиҳаларига тааллуқли бўлди. Шунингдек, АЭС ва валюта свопига оид битимлар киритилган қарийб ўн бешта ҳужжат имзоланди. Россия ва Қозоғистон ўзаро савдо ҳажмини тахминан 30 миллиард долларга етказиш мақсадини ҳам тасдиқлади.
Бу Москва ўз таъсирини сиёсий баёнотлар эмас, балки аниқ иқтисодий лойиҳалар орқали мустаҳкамлашга интилаётганини кўрсатади. Ўн йил аввал Россия таъсири табиий ҳол сифатида қабул қилинган бўлса, бугун уни иқтисодий таклифлар билан доимий равишда тасдиқлаб бориш талаб этилмоқда. Бу сўнгги йиллардаги энг муҳим ўзгаришлардан биридир. Россия энди фақат тарихий алоқаларга таяна олмайди. У рақобат қилишга мажбур. Қолаверса, аввалгидан анча кенг доирадаги ўйинчилар билан рақобат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, катта делегация Россия қудратининг эмас, балки Қозоғистон аҳамияти ортиб бораётганининг белгиси сифатида ҳам баҳоланиши мумкин.
Россия таъсирини йўқотяптими ёки унинг таъсир шакли ўзгаряптими?
“Россия таъсирининг тугаши” деган фикр ҳозирча эрта хулоса бўлиб кўринади. Россия ҳануз Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024-2025 йилларда тахминан 27-28 миллиард доллар атрофида бўлган ва Қозоғистон Россиянинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкоридир. Бундан ташқари, ЕОИҲ доирасида ҳам Россия Қозоғистон учун асосий савдо йўналиши бўлиб қолмоқда. Ҳарбий ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўнлаб йиллар давомида шаклланган миллионлаб инсонлар ўртасидаги алоқаларни эса қисқа вақт ичида алмаштириб бўлмайди. Шунинг учун Россия Марказий Осиёдан сиқиб чиқарилмоқда, деб айтиш нотўғри бўлади. Аниқроқ таъриф бошқачароқ – минтақада ҳукмронликдан рақобатга ўтиш жараёни кечмоқда.
Москва энди ягона куч маркази эмас. Аммо у ҳануз энг муҳим куч марказларидан бири бўлиб қолмоқда.
Қозоғистон ва Ўзбекистон: минтақавий ҳамкорликнинг шаклланиши
Такъкидлаш керак, ташқи монополиянинг заифлашиши билан бир вақтда минтақанинг ички субъектлиги ҳам кучаймоқда. Бу жараённинг энг яққол кўриниши Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг яқинлашувида намоён бўляпти. Аввал Марказий Осиё давлатлари кўпроқ ташқи қарор қабул қилиш марказларига қараган бўлса, бугун улар тобора фаолроқ тарзда ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштирмоқда.
Минтақа етакчиларининг мунтазам учрашувлари, қўшма инфратузилма лойиҳалари ва транспорт коридорларининг ривожланиши янги сиёсий макон шаклланаётганидан далолат беради. Бу тизимда Қозоғистон энг катта иқтисодий вазнга эга. Ўзбекистон эса энг катта демографик салоҳиятга эга. Биргаликда улар янги Марказий Осиёнинг ўзагини шакллантирмоқда. Россия учун бу алоҳида қарам давлатлар билан эмас, балки яхши ташкиллашган минтақа билан муносабат қуриш зарурлигини англатади.
Нима учун XXI аср Қозоғистон фойдасига ишлаяпти?
Қозоғистон учун қулай бўлган бир нечта тузилмавий омиллар мавжуд.
Биринчи омил – география. Мамлакат Хитой, Россия, Каспий ҳавзаси ва Жанубий Осиё ўртасида жойлашган.
Иккинчи омил – ресурслар. Уран, нефт, газ ва нодир ер металлари энергетик ўтиш даврида стратегик аҳамият касб этмоқда.
Учинчи омил – транспорт. Ўрта коридор аҳамиятининг ўсиши Қозоғистоннинг халқаро мавқеини кучайтирмоқда.
Тўртинчи омил – дипломатия. Кўп векторли сиёсат изоляциядан қочиш ва манёвр имкониятини сақлаш имконини беради.
Бешинчи омил – нисбатан сиёсий барқарорлик.
Ушбу афзалликлар йиғиндиси Қозоғистонни шаклланаётган кўп қутбли дунёнинг асосий бенефициарларидан бирига айлантирмоқда.
Хулоса
Ҳозирда Россия Украинадаги уруш оқибатида ҳам жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Украина дронлар уруши соҳасида маълум муваффақиятларга эришди ва Россия армияси ҳаракатларини мураккаблаштиришга муваффақ бўлди.
Бироқ ҳозирча орқа ҳудудларга берилган зарбалар Россия ҳужумини тўлиқ тўхтатди, деб айтишга асос йўқ.
Шу билан бирга, украин дронларининг ҳужумлари ёқилғи, ўқ-дори ва техника етказиб бериш суръатини секинлаштирмоқда. Улар Россияни орқа ҳудуд мудофаасига қўшимча ресурслар сарфлашга мажбур қилмоқда, мамлакат ичкарисидаги хавфсизлик ҳиссини пасайтирмоқда ва ҳужум операциялари қиймати ҳамда мураккаблигини оширмоқда.
Бундай шароитда Путиннинг айрим ҳаракатлари собиқ қудратни сақлаб қолишга қаратилган сўнгги сиёсий уринишларга ўхшаб кўринади. Масалан, Арманистонни Европа Иттифоқига яқинлашмасликка чақириш ёки газ экспорти ва арман қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти бўйича босим воситаларидан фойдаланиш Россия раҳбариятининг сиёсий нуфузини оширмайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Владимир Путиннинг 2026 йил баҳорида Қозоғистонга давлат ташрифи бир тарихий давр тугаётгани ва бошқаси бошланаётганининг рамзига айланди. Марказий Осиёда Россия деярли монопол таъсирга эга бўлган давр ортда қолмоқда. Унинг ўрнига рақобат, мувозанат ва кўп векторлилик даври келмоқда.
Ҳа, Россия ҳануз минтақанинг энг муҳим ўйинчиларидан бири бўлиб қоляпти. Бироқ энди у Хитой, Туркия, Европа Иттифоқи, Форс кўрфази давлатлари ва энг муҳими – Марказий Осиё давлатларининг тобора кучайиб бораётган мустақиллиги билан рақобатлашишига тўғри келади. Бу ўтиш жараёнининг асосий ғолиби сифатида ҳозирча Қозоғистон дейиш учун асослар кўп.
Шунинг учун ҳам Путин ташрифининг асосий маъноси Россия қудратини намойиш қилишда эмас, балки янги сиёсий воқеликни тан олишда эди: Қозоғистон энди уни фақат “кичик шерик” сифатида қабул қилиш мумкин бўлмаган даражада муҳим ўйинчига айланмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
