Соловьёв "таҳдиди": у минтақа жамоатчилиги томонидан қандай кутиб олинди?
Бу сафар пропагандачи ҳар доимгидек Украина ва Ғарб мавзусини чайнамади, ҳақорат географияси Арманистон ва Марказий Осиё томонга ўзгарди.

Россиядаги «Соловьёв Live» студиясида Россиянинг охирги иттифоқчиларини ҳам жунбушга солувчи таҳдидлар янгради. Рус пропагандаси рупори Владимир Соловьёв оғзидан постсовет маконида аллақачон қулоқ ўрганиб қолган иборалар учиб чиқди: «таъсир доираси», «миллий хавфсизликка таҳдид»,«СВО» ни (махсус ҳарбий операция, яъни урушни) бошлаш вақти келди».
Бу сафар Соловьев ҳар доимгидек Украина ва Ғарб мавзусини чайнамади, ҳақорат географияси Арманистон ва Марказий Осиё томонга ўзгарди.
“Биз учун Арманистонда содир бўлаётган воқеалар Венесуэлада бўлаётганлардан анча оғирроқ ва оғриқлироқдир. Арманистонни йўқотиш — бу улкан муаммо. […] Халқаро ҳуқуққа ҳам, халқаро тартибга ҳам тупуриш керак. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украинада СВОни бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, таъсир доирамизнинг бошқа нуқталарда ҳам СВОни бошлашга нега қодир бўлмаслигимиз керак? — деди Соловьёв.
Аслида бу каби гаплар биринчиси эмас ва афсуски охиргиси ҳам бўлмаслиги мумкин. Масалан, Захар Прилепин Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақида, Михаил Смолин 1917 йилгача ўзбек ва қозоқлар миллат сифатида мавжуд бўлмагани, булар рус инқилобидан кейин сунъий яратилган миллатлар эканлиги ҳақида гапирган эди.
Қозоғистон шимолидаги ерларга даъволар, уларни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги таклифларку, рус ОАВ орқали мунтазам янграб келади. Ҳатто Россия президенти Путин ҳам 1994 йилдаёқ «Қрим, шарқий Украина ва шимолий Қозоғистон — Россия учун хориж эмас, асл рус ҳудудлари” деган эди.
Пропаганда “шахсий фикр” доирасидан чиққанида
Расман олганда, Соловьёв — на вазир, на генерал, на Хавфсизлик кенгаши аъзоси. Лекин замонавий Россияда пропагандист — алоҳида мавқега эга шахс. У қарор қабул қилмайди, аммо қарорлар қабул қилиш мумкин бўлиб қоладиган реалликни тайёрлайди.
Бу илгари ҳам бўлган. Аввал — «нотинч қўшнилар» ҳақидаги гаплар. Кейин — «таъсирни йўқотиш». Ундан сўнг — «ҳарбий зарурат». Ва фақат охирида — ракета ва мотам хабарлари ва тобутлар кела бошлайди. Ҳар ҳолда Украинага босқин шундай бошланган эди: Украинанинг гўёки душман эканлиги аввал ичкарида - русларга уқдирилди, кейин эса украинларга уқдиришга уринилди. Аммо коррупция ва ўғирликлар боис ҳамма ишни ўлда жўлда бажарадиган рус мутахассислари шу ерда ҳам қовун туширишди: Путинга “пропаганда ўз самарасини бермоқда - украинлар рус босқинчиларини гуллар билан кутиб олишга тайёр”, қабилида рапорт берилди, аммо реал вазият бошқача бўлиб чиқди.
Қолаверса, расмий Москва дипломатик нозиклик кўтармайдиган фикрлари ва муносабатини пропагандистлар орқали эълон қилиши энди сир эмас. Авторитар тизимларда айнан телевебошловчилар кўпинча ҳокимият ҳозирча (!) расман айтишга “хижолат” бўладиган фикрларни оммага ташлайди. Аввал бу ишни ўткир миллатчи ва шовинист Владимир Жириновский бажарар эди. Жириновскийдан кейин, эстафета таёқчаси Соловьев қўлига ўтди.
Шу боис айримлар ўйлаганидек, Соловьевнинг фикрлари унинг шахсий фикри эмас -Россияда шахсий ва мустақил фикр тақиқланганига анча бўлди – бу Москванинг расмий фикрлари. Зеро, диктатура ўрнатилган ва сўз эркинлиги бутунлай тўсилган Россияда давлат телевидениеси орқали фақат ҳукумат рухсат берган ёки айтишни буюрган сўзлар айтилади холос.
Энг даҳшатлиси, бу сўзларнинг хавфи - уруш эртага бошланишида эмас. Балки мавжуд чегараларни тан олмаслик, қўшни давлатлар суверенитетини музокара объекти сифатида кўрсатиш ва минтақадаги мамлакатларини Россиядан ташқарида ҳимоя излашга мажбур қилиш ва менсимасликда кўринади.
Ереван: биринчи бўлиб “йўқ” деган шаҳар
Соловьевнинг сўзлари Арманистонда айниқса оғир қабул қилинди. Уруш, ҳудудий йўқотишлар ва собиқ иттифоқчилардан қаттиқ кўнгли қолган мамлакат учун бундай баёнотлар энди шунчаки «телешовқин» эмас.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси чақиртирилди (ҳа, чақиртириб, чойга таклиф қилинмади!).
Арманистон Ташқи ишлар вазирлигида маълум қилишларича, Россия элчисига давлат телеканали эфирида айтилган баёнотлар муносабати билан чуқур норозиликни ифода этувчи нота протести топширилган. Вазирлик таъкидлашича, бундай баёнотлар Москва билан Ереван ўртасидаги дўстона муносабатларга мутлақо мос келмайди.
Бу ҳиссий ҳаракат эмас, балки совуқ дипломатик сигнал эди: СВО ҳақидаги ҳар қандай гап суверенитетга таҳдид ҳисобланади.
Арман ОАВларида бошқа мавзулар кўтарилди — Россия пропагандаси иттифоқчилар билан “объектлар” ўртасидаги фарқни йўқотаётгани ҳақида қарашлар билдирилди. Кўчаларда Россия давлат телеканаллари эфирини чеклаш талаб қилинган норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Илк бор очиқчасига шундай фикр айтилди: хавф фақат эски душманлардан эмас, эски “дўстлар”дан ҳам келиши мумкин.
Арманистоннинг яна бир ютуғи – бу ерда таълим фақат арман тилида берилади. Рус тилида дарс ўтиладиган мактаблар деярли тугатилган. Шу боис Арманистонда “бешинчи колонна” ёхуд москварапараст манқуртларнинг – эҳтимолий ватан хоинларининг кўпайишидан хавотир олмаса ҳам бўлади.
Маълумот учун: Россия ва Арманистон расман яқин иттифоқчилар ҳисобланади — ҳар икки давлат ҳам КХШТ ва Божхона иттифоқи аъзосидир. Бироқ Озарбайжон билан бўлган можаро фонида, Россия амалда иттифоқчисини қўллаб-қувватлашдан бош тортгани ортидан, расмий Ереван АҚШ ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни тобора фаол излай бошлади. Шу билан бирга, Россия телеканаллари эфирларида Никол Пашинян ҳукуматининг ҳаракатлари мунтазам равишда танқид қилиб келинмоқда.
Марказий Осиё: хавотирли сукут ёки асабий муносабат
Марказий Осиё пойтахтларида расмий баёнотлар кам бўлди. Аммо айнан шу сукутнинг ўзи жуда мазмунли эди.
Қозоғистон ва Ўзбекистонда жамоатчилик муносабати дипломатик реакциядан кўра кескинроқ бўлди. Мутахассислар ва шарҳловчилар Соловьёвнинг сўзларини минтақани куч ишлатиб қайта боиб олиш ғоясини сингдиришга ва қўрқитишга уриниш деб баҳоладилар. 2022 йил январь воқеалари, КХШТ қўшинлари киритилиши ва ташқи кучларга боғлиқлик яна эсга олинди.
Жумладан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлари доктори, профессор Шерзодхон Қудратўжа Соловёвнинг чиқишини «тормозсиз пропаганда» деб атади.
„Бизнинг Осиё“ формуласи – тасодифан айтиб юборилган ибора эмас, соф мустамлакачи тили, бундай давлатлар объектга, чегаралар эса шунчаки тўсиққа айланади.
... Албатта, Соловёв худди булбулигўё каби, айтган гапининг оқибатига жавоб бермасдан баланд овозда, авжли қилиб, чиранганча сайрамоқда, дейиш ҳам мумкин. Яна бу Россия олий доираларининг позицияси эмаслиги, мамлакат ички аҳолисига таъсир кўрсатиш учун навбатдаги пропагандистик номер эканига ишонгинг келади. Лекин яқин тарих бунақанги «хонишлар» шунчаки гап сифатида қолиб кетмаётганини тез-тез исботлаб турибди», – дейилади постда.
Мафкурани мустаҳкамлаш керак
Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова Соловёвнинг ушбу чиқишидан сўнг эфирлардан олиб ташланган «Отамдан қолган далалар» филмини экранларга қайтариш ташаббусини илгари сурди.
Фильм Тоғай Муроднинг романи асосида суратга олинган бўлиб, у ўтмиш ва оддий одамлар ҳаёти ҳақидаги ниҳоятда лирик, таъсирчан ва ростгўй бадиий мулоқотнинг кам учрайдиган намунасидир. Бундай асарлар мактабларда тарих дарсларининг бир қисми бўлиши, шунингдек, телевидение эфирларида янграб туриши керак – чунки айнан улар маънавий иммунитетни шакллантиради ва бундай баёнотларнинг мазмун-моҳиятини англашга ёрдам беради», – деб ёзган у ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
“Дўстмисан душманмисан?”
«Юксалиш» ҳаракати раиси, депутат Бобур Бекмуродов эса Соловёвнинг фикрларига «тупуриши»ни айтган.
Замон ўзгарди. Халқлар тақдири телестудиялардаги бақир-чақирлар ёки «катта оғалар»нинг кўрсатмаси билан ҳал қилинадиган даврлар тарих ахлатхонасига кетганига анча бўлди.
Сарҳадларимиз — бизнинг ор-номусимиз. Мустақиллигимизга бўлган ҳар қандай таҳдид «итоаткорлик» билан эмас, миллатимизнинг бирдамликдаги қатъий зарбаси билан қарши олинади.
Бундай провокациялар фақат ва фақат қўшниларни душманга айлантиради.
Бизда ўз уйимизни ҳимоя қилиш учун ирода ҳам, ресурс ҳам, жасорат ҳам етарли! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!», деган депутат.
“Аламазада Москва” ёхуд муносиб жавоб
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бу чиқишни «қиморбозлардан калтак еган муштумзўрнинг аламини тинч кетаётган одамлардан олиши»га қиёслаган.
У Марказий Осиё давлатлари бундай пўписа-ю баёнотларни жавобсиз қолдирмаслиги, биргаликда нота бериш кераклигини таъкидлаган.
Собиқ депутат, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев бу йўл билан Соловёв Марказий Осиё давлатларига очиқчасига таҳдидга ўтаётганини қайд этиб, Ўзбекистон ТИВни ҳолат бўйича кескин муносабат билдиришга чақирган.
Журналист Илёс Сафаров эса «бу шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигнал» эканини қайд этди. У Ўзбекистонда ўтган йилдан амалга кирган тартиб бўйича рус пропагандачисини персона нон грата деб эълон қилишни таклиф этган.
“Қўйинда сақланаётган илон”
Журналист ва жамоатчилик фаоли Никита Макаренко дунёда Россиядан бошқа ҳеч бир давлатдаги расмий нашр вакили Ўзбекистон суверенитетига дахл қилмаслиги, Соловёв ўзига айтиш буюрилган гапларни айтаётганига эътибор қаратган.
«Озарбайжон мисолида «Рус уйи» каби ташкилотлар, юртимиздаги тарғибот ОАВлари ва уларга хайрихоҳ бўлган «бешинчи колонна» фаолиятини жуда синчковлик билан кўриб чиқиш керак. Бу ташкилотларнинг барчаси Ўзбекистондаги русийзабон озчиликнинг манфаатларини ифодаламайди. Улар империалистларнинг манфаатларини илгари сурмоқдалар. Биз, русийзабон Ўзбекистон фуқаролари, тинч, суверен Ўзбекистон ғояси атрофида жипслашиб, мустамлакачи «хўжайинлар»сиз, ўз мустақил ҳаётимизни қуришимиз ва ўз уйимизни ҳимоя қилишимиз керак», – дейди у.
Яна бир жамоатчилик фаоли Хушнудбек Худойбердиев эса “Украинага уруш очишдан аввал ҳам шунақа бўлган эди, узоқ йиллар давомида рус пропагандаси Украина давлати қадимдан мавжуд бўлмагани, бунақа миллат йўқлиги, Украинани қўшиб олиш кераклиги ҳақида тинимсиз гапирган ва кенг жамоатчиликка шу ғояларни тарғиб қилган. Натижасини эса мана 4 йилдан буён кўряпмиз. Хайриятки, жасур украин халқи ўз давлатини босқинчилар қўлига қўшқўллаб тутқазиб қўймади, охирги томчи қони қолгунгача ҳимоя қилишяпти. Қаҳрамонларга шарафлар бўлсин!”, деган пост қолдирди.
“Ҳозирча разведка”
Facebook ижтимоий тармоғидаги Alex Ulko исмли фойдаланувчининг фикр билдиришича, Соловьевнинг сўзлари ҳали уруш эълон қилиш эмас. Бу орқали рус пропагандаси МО халқаларини шунчаки қўрқитиб қўймоқчи. “Биздан узоқлашсанг ёмон бўлади”, деган муждани сингдирмоқчи. Шунингдек, МО халқларининг бундай сўзларга реакциясини синаб кўрмоқчи. Тарафларни аниқлашўтириб олмоқчи.
Alex Ulko’нинг билдиришича, Россия МОга ҳарбий босқин уюштириши шарт эмас. Шундай ҳам узоқ йиллардан бери “судралувчи экспанция”ни амалга ошириб келмоқда. Яъни таълим, мафкура ва иқтисодиёт ҳамда сиёсатга ўз таъсирини ўтказишга уринмоқда, энергетик ресурсларни ва инфратузилманги қўлга олишга уринмоқда.
Украина: “таниш сценарий”
Киевда Соловьевнинг сўзлари янгилик сифатида кўрилмади. Содда қилиб айтганда “биз кутгандик, биз билгандик” деб қўя қолишди. Чунки Украинада бундай нутқлар шунчаки риторика эмас, балки уруш сценарийсининг бошланғич босқичи сифатида ўрганилади.
Украина тажрибаси оддий қоидага ўргатди: агар Москвада «тарихий таъсир доиралари» ҳақида гап кетса, демак кимдир харита устида аллақачон қизил стрелкалар тортмоқда. Шу боис украин дипломатлари ва таҳлилчилари Россиянинг ўз иттифоқчиларига уруш очиши истисно эмас, балки табиий хулқ атвор эканини яна бир бор таъкидлашди холос.
Озарбайжон: совуқ ҳисоб-китоб
Боку расмий жиҳатдан жим қолди, аммо минтақа бу тилни тушунди. Озарбайжон аллақачон Туркия билан ҳарбий-сиёсий яқинлашувга, иттифоқларни диверсификация қилишга ва Москвага боғлиқликни камайтиришга дов тиккан.
Соловьёвнинг баёнотлари бу ерда бугунги таҳдид сифатида эмас, балки келажак учун огоҳлантириш сифатида қабул қилинди: агар Россия постсовет республикаларида ўз таъсирини йўқота бошласа, уларни куч билан қайтариб олишга уриниши мумкин.
Қолаверса, Озарбайжоннинг жавоб ҳаракатлари бошқалар учун ҳам намуна бўлиши лозим – у AZAL самолёти ҳалокати ва Россияда озарбайжон фуқароларининг ноҳақ қамоққа олиниши ва ўлдирилиши ва калтакланиши билан боғлиқ можароларга Москвага қул каби ялтоқланмади, қучоқ очиб, оғиз-бурун ўпишмади, ҳақоратларни эшитмаганга олиб, ичига ютиб кетмади, балки тенг даражада гаплаша олди ва натижада Путинни узр сўрашга мажбур қилди. Шу боис Соловьев ўз даъволарида Озарбайжонни тилга олишга журъат қилмади.
Ижтимоий тармоқлардаги акс-садо
Ижтимоий тармоқлар шуниси билан аҳамиятлики, уларда feedback, яъни жонли муносабат, халқнинг кайфияти ва ҳиссиёти акс этиб туради. Тўғри, турли “жонсиз” ботлар, “тролл фабрикалари” уюштирилган позитив ёки негатив изоҳлар қатлами ҳам мавжуд. Қолаверса улар бутун бир халқдаги ижтимоий фикр йўналишини тўлақонли акс эттира олмаслиги ҳам мумкин. Шундай бўлсада улар мавжуд йўналишларни кузатиш учун ёрдам беради.
Кўпчилик Соловьевнинг фикрлари унинг шахсий фикри эмас, балки ҳукуматнинг нуқтаи назаридир, деган фикрда.

“Аввал Жириновский хўжайинининг топшириғи билан гапирар эди. Энди Соловьев хўжайинининг буйруғи билан сайраяпти” , деган изоҳ ёзган улардан бири.
Айниқса Россия билан бевосита чегарадош Қозоғистонда яшовчи (профил номи ва аватар суратига кўра тахмин - муаллиф) фойдаланувчиларнинг муносабати қизиқарли. Соловьев сўзларига бефарқ қолмаган фойдаланувчилардан бири шундай ёзади:

“Туркия, Озарбайжон ва барча бизнинг туркий мамлакатларимиз биз томонимизда туришади. АҚШ ҳам Россиянинг иккинчи фронт очишига жим қараб ўтирмаса керак.
Бунга жавобан бошқа бир фойдаланувчи “ҳеч ким биз томонимизда бўлмайди. Туркия Ғазога ҳам ўтмадику. Ҳамма шунчаки қарши эканини изҳор қилади. Туркия қурол билан таъминлаши мумкин, аммо ўртада Эрон борлиги боис, агар тузум ўзгармаса, логистика туфайли катта ёрдам бера олмайди. Эҳтимол Ўзбекистон ва Қирғизистондан кўнгилли ёлланма гуруҳлари келиши мумкин”
“Илоҳо биз шу ҳужумсиз ҳам бирлашайлик”, дея истак билдирган яна бир шарҳ муаллифи.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари МО давлатлари раҳбарлари учун эслатма тарзида ҳам постлар қолдирган.

“Яқинда улар Зеленскийни гўёки Путин қароргоҳига ҳужум қилишда айблашди. Аслида ҳеч қандай ҳужум йўқ эди. Буни шунчаки Трампга шикоят қилиш учун русларнинг ўзи ўйлаб топган эди.
Кеча эса Путиннинг ўзи Соловьев тили билан худди шу МО раҳбарларига ҳужум қилиш ва СВО билан таҳдид қилди. Бу нимадан дарак беради? Бутун дунёга шарманда бўлиб, Зеленскийни қилмаган иши учун айбламаслик керак эди. Путиннинг раъйига қараш ва сўраган ишларни қилиш керак эмас”, дейди ушбу фойдаланувчи.
Албатта Соловьевнинг таҳдиди айнан ҳарбий босқинни англатишига ёхуд бу босқин эҳтимоли борлигига шубҳа қилганлар ҳам топилади.

“Арманистон билан (бевосита) чегара йўқ. Путин қандай қилиб Арманистонга бостириб кира олади. Ҳуддаги биргина ҳарбий база Ереванни босиб ололмайди. Озарбайжон ва Грузия танкларни ўтказмайди”, дея изоҳ қолдирган шундай скептиклардан бири.
Катта эҳтимол билан қозоғистонлик бўлган фойдаланувчининг фикрига кўра эса, Хитой Қозоғистонни бериб қўймайди.

Яна бир шарҳ муаллифи эса Россия учун ўз товарларини тинч Қозоғистон орқали экспорт қилиш мақбуллигини ёзган.
“Нега нон берадиган қўлни тишламоқчи? ЕОИҲТ божхона пошлиналарининг 70 фоизи РФ ғазнасига тушади. 100 фоиз қилишмоқчими ёки?” дея муносабат билдирган ушбу муаллиф.
Шу билан бирга, бу таҳдидлардан “уруш ҳиди” келаётганига қатъий ишонганлар кўпчиликни ташкил этади.

Уларнинг фикрича, Россия келажакда бошқа ҳудудга ҳам уруш очмоқчи, ичкарида туриб муаммо туғдирмаслиги учун МОлик мигрантларни атай ўзидан узоқлаштиряпти, фуқаролигини олиб қўймоқда.
Иллюзиясиз прогноз
Хўш, дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрсак, Россиянинг яқин вақт ичида Арманистон ёки Марказий Осиё давлатларига ҳарбий бостириб кириши эҳтимоли борми?
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, бор, аммо кучсиз. Россия аллақачон уруш, санкциялар ва ички муаммолардан заифлашган. Янги фронт халқаро яккаланишни ва Туркиядан Хитойгача бўлган куч марказлари билан тўқнашувни англатади.
Аммо Соловьевнинг сўзлари бекорга айтилмади. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индинга рўй бериши режалаштирилган улкан бузғунчи режанинг биринчи босқичи – аҳолини тайёрлаш ва миясини ювиш, қолаверса фикрий разведка - реакцияларни кузатиш бўлиши ҳам мумкин. Ёки ҳозирча (!) шунчаки қўрқитиб қўйиш бўлиши ҳам мумкин.
Нима бўлганда ҳам Соловьевнинг сўзлари элиталар, жамиятлар ва армиялар хотирасида сақланади. Ва айнан шу сўзлар туфайли собиқ иттифоқчилар Москвага хавфсизлик кафолатчиси сифатида эмас, балки эҳтимолий хатар манбаи сифатида қараш янада кучаяди.
Эпилог
Урушлар камдан-кам ўқ отиш билан бошланади. Кўпинча у студияда, прожекторлар остида, “ўз аудиторияси” учун айтилган битта жумла билан ҳам бошланган.
2026 йил 10 январь куни шундай жумла айтилди. Ереван, Тошкент, Остона, Киев ва Бокуда уни бирдек аниқ эшитишди.
Бу таҳлил эмас эди. Бу огоҳлантириш эди...
Абулфайз Сайидасқаров