Хитой Марказий Осиёдан Россияни сиқиб чиқармоқда(ми)?
Ўтган йил давомида Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Хитойга экспорти қарийб 40 фоизга ўсган.
Хитой Марказий Осиёнинг энг йирик давлатлари билан савдода Россияни ортда қолдирмоқда. Жумладан, 2023 йилнинг дастлабки беш ойида Хитой Россиядан ўтиб, Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланди. Бу ҳақда Inbusiness.kz нашри хабар бермоқда.
Нашрнинг қайд этишича, июн ойига келиб Хитойнинг республика ташқи савдосидаги улуши 19,2 фоизни ташкил этиб, сўнгги 10 йил ичида биринчи ўринга кўтарилди. Ўз навбатида, Россиянинг Қозоғистон билан ташқи савдо операцияларидаги улуши 18,8 фоизни ташкил этди.
Нашрнинг таъкидлашича, ўтган йил давомида Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Хитойга экспорти қарийб 40 фоизга ўсган.
Таҳлилларга кўра, Хитой машинасозлик, кийим-кечак ва эҳтиёт қисмлар каби экспорт ҳажмининг ўсиши туфайли етакчиликни қўлга киритди.
Минтақанинг аҳолиси энг кўп давлати Ўзбекистоннинг ҳам ташқи савдодаги энг йирик ҳамкори Хитойдир. Сўнгги олти ойда икки давлат ўртасидаги ташқи савдо улуши 5,3 млрд. долларга етган. Россия иккинчи ўринда — 4,4 млрд. доллар.