Вазирлик ҳузуридаги жамият улкан маблағни талон-торож қилишда айбланмоқда
Аксилкоррупция агентлигига кўра, жамият томонидан ўтган йили январ ойида мусобақалар тақвими тасдиқланган.
"Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти мансабдорлари бюджетдан ажратилган маблағларни талон-торож қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумот берган.
"Ёшлик" жамияти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ташкилот бўлиб, ёшлар ўртасидан спорт мусобақаларини ташкил этиш шуғулланади. Аксилкоррупция агентлигига кўра, жамият томонидан ўтган йили январ ойида мусобақалар тақвими тасдиқланган. Жумладан, "Умид ниҳоллари"нинг финал босқичи ҳам унга киритилган. Жами харажатлар учун 28 млрд. сўм ажратилиши белгиланган.
Мусобақалар март-май ойларида ўтказилиши белгиланса ҳам, жамият мутасаддилари тақдирлашни сунъий чўзиб келишган. Қисқа муддат қолганда эса Вазирлар Маҳкамаси тегишли фармонини чиқаришга эришишган. Ушбу фармойиш асосида ички тендер ўтказилган ва ғолиб бўлган тадбиркор билан тўғридан тўғри шартнома тузилган. Кейин эса тадбиркорнинг фаолиятига тегишли бўлмаган товарларни гуёки сотиб олган.
Тендерда ғолиб чиққан UNITED SYSTEM МЧЖ аслида ёғоч ускуналари ва санитария-техник ашёлар савдоси билан шуғуллансада, ундан телевизор, ноутбук, кубок ва медаллар сотиб олингани қайд этилган. Шунингдек, мазкур маҳсулотлар эркин бозордаги маҳсулотлардан анча қимматга олингани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган, Бош прокуратура эса Жиноят кодексининг 167-моддаси, 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатди.