Ўзбекистонликлар учун "камбағаллик чегараси" белгиланди
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган.
Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 568 минг сўмни ташкил этди, бу камбағаллик чегараси саналади дея маълум қилди Статистика агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган “2023-йил учун Статистика дастури”да белгиланган муддатда “Минимал истеъмол харажатлари” қиймати ҳисобланган.
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
— давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
— мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
— камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
— пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.