Рамзан Қодиров ишдан олиб ташланадими? Чечен раҳбари жавоб берди
Қодиров Россия президенти Владимир Путин билан ўта ижобий алоқада экани айтилади.
Чеченистонни бошқариб келаётган Рамзан Қодиров республика раҳбари сайловида иштирок этишни режалаштираётганини, уни ишдан олиб ташлаб, "бошқа одамни қўйилиши" ҳақидаги хабарлар ёлғонлигини маълум қилди.
Унинг сўзларини "Грозний Информ" агентлиги келтирмоқда.
“Муддати тугагач, Яратганнинг изни билан мен яна сайловга бораман, халқ сайласа, ишлашда давом этаман”, деган Чеченистон раҳбари ҳукумат йиғилишида.
Қодиров “ишдан олиб ташланиши” ва унинг ўрнига бошқа шахс келиши ҳақидаги миш-мишларга ишонмасликка чақирди. Сиёсатчи унинг ўрнига “ҳеч ким қидирилмаётгани” ва кимнидир излашга “йўл қўймаслигини” таъкидлади.
Рамзан Қодиров Чеченистон Республикасини 2007 йилдан бери узлуксиз бошқариб келади. 2021 йилда расмий маълумотларга кўра, у 99,7% овоз билан сайловда ғалаба қозонган ва ўз рекордини янгилаган. Қодировнинг ваколат муддати 2026 йилда тугайди.
Қодиров Россия президенти Владимир Путин билан ўта ижобий алоқада экани айтилади.