platina.uz

“Русская обшина” – давлат ҳимоя қилаётган миллатчилик

Бу жамият мафкурасига кўра, фақат руслар одам ҳисобланади. Қолган бутун дунё одам эмас. Бу мафкура фашистлар мафкурасидан фарқ қилмайди.

Мақола
9 декабрь, 14:08
“Русская обшина” – давлат ҳимоя қилаётган миллатчилик
Фотоколлаж: Platina.uz

Россияда кўп асрлардан буён кўплаб миллатлар ўзаро ҳамкорликда яшаб келади. Ҳатто кўплаб машҳур фан ва маданият арбоблари ҳам, умумлаштириб айтганда, рус маданияти ва илм-фанига ҳисса қўшган бўлса-да, бошқа миллат вакиллари ҳисобланади.

Масалан, қўмондон Петр Багратион – грузин, генерал Михаил Барклай де Толли – шотланд, Пушкин – бобоси ҳабаш, ёзувчи Николай Карамзин – татар, ёзувчи Иван Сергеевич Тургенев – татар, тилшунос олим Владимир Дал – асли даниялик, Николай Некрасов – поляк, Александр Герцен – онаси немис, олим Климент Тимирязев – онаси инглиз, физик олим Константин Циолковский – поляклардан, рассом Иван Айвазовский – арман, адмирал Колчак – келиб чиқиши серб-хорват, Барон Врангел – немис, княз Юсуповлар – нўғой, Анна Ахматова (Горенко) – татар, Петр Ильич Чайковский – она тарафдан француз ва ҳоказо.

Ҳатто Россияни бошқарган подшолар ҳам бошқа миллатларнинг вакиллари бўлган. Россия ҳозиргача мақтаниб келадиган илмий-ҳарбий техника ютуқлари ҳам СССР вақтида, 15 та миллий республика бойлиги, инсоний ва ақлий ресурслари ёрдамида яратилган. Шу кунларда Путин мақтаниб ўтиришни яхши кўрадиган “Орешник” ракетаси ҳам 70-йилларда яратилган совет ракетасининг сал-пал такомиллаштирилган версияси холос.

Бироқ азал-азалдан Россияда миллатларни руслаштириш сиёсати юритилади. Камсонли миллатлар – истило қилинган ер ва халқларнинг тиллари ва динлари йўқотилиб, рус тили ва православ динига ўтказишга ҳаракат қилишган. Ҳатто исмларни ҳам руслаштириш сиёсати устувор бўлган.

Бундай жараёнга қаршилик қилганлар эса халқ душманига чиқарилиб жазоланган. Уларга ҳамда уларнинг маданиятига қарши том маънода репрессия ва пассив геноцид уюштирилган, бу ҳозиргача давом этиб келмоқда. Бу ҳатто давлат сиёсати даражасига кўтарилган, десак муболаға эмас. Масалан, икки йилча олдин Россия таркибидаги Татаристон каби миллий субъектларда татарлар ўқийдиган мактабларда рус тилидан бошқа миллий тилларни мажбурий ўқитиш тақиқлаб қўйилди. Шу пайтгача эса бутун Россияда таълим фақат ва фақат рус тилида олиб борилади. Айни шароитда барча постсовет республикаларида рус тилида таълим бериладиган мактаблар кўплигича қолмоқда.

Ҳозир ҳам Россияда ирқчилик муаммоси энг долзарб ва кам баҳоланган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда "Русская обшина” номини олган ташкилот тобора оммалашиб, тадқиқотчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг эътиборини ўзига тортмоқда.

Муаммонинг илдизлари: Россияда ирқчилик қандай шаклланган

Тарихан Россия кўп миллатли давлат бўлиб, у ерда славянлардан тортиб Кавказ, Марказий Осиё ва Сибир халқларигача турли этник гуруҳлар бир империя, кейин эса федерация таркибида бирга яшаган.

Бироқ бу бирга яшаш ҳар доим ҳам тенг бўлмаган. Россия империяси ва СССР давридаги "катта оға" – этник рус қиёфасини яратишга қаратилган тарғибот бошқа миллатларни камситиш учун асос бўлди.

Совет иттифоқ парчаланиб, собиқ СССР республикаларидан Россияга оммавий миграция бошланганидан кейин миллатлараро низолар муаммоси кучайди. Марказий Осиё ва Кавказдан келган муҳожирлар энг заиф, ҳуқуқлари камситилувчи ижтимоий гуруҳ бўлиб чиқди.

СССР тарқалгач, иқтисодий қийинчиликлар туфайли миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россияга ёпирилиб кела бошлади. Табиийки, бунча катта оқимни эритиб, руслаштиришнинг имкони йўқ эди. Уларнинг компакт ҳолда ишлаши ва яшаши бунга халақит бериши табиий. Шу боис аҳолида ўзга маданият ва ирқ вакилларига нафрат кучая бошлади. Ирқчи, криминал ва маргинал қатламлар ўзлари дуч келаётган барча қийинчиликлар ва давлатдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларда мигрантларни айблашар эди. Мигрантларни хўрлаш, ҳақоратлаш, калтаклаш ва ҳатто ўлдириш ҳолатлари кўпайиб кетди. Афсусланарлиси, ҳукуматнинг ўзи бу жараёнга ёқилғи сепа бошлади. Боиси, ҳукумат учун барча хатоларни, коррупция, ўғирлик, номақбул иқтисодий ва ижтимоий сиёсат самарасизликни ҳам мигрантлар зиммасига юклаш осонроқ эди.

Натижада рус жамиятида кўплаб ирқчи, неофашист, ўта ўнг, миллатчи, мигрантофоб, исломофоб гуруҳлар шаклланди. Уларнинг ҳукумат билан келишмаганлари тугатилди, қамоққа ташланди. Ҳукумат ва полиция ҳамда хавфсизлик хизматларининг айтганидан чиқмайдиганлари учун яшил чироқ ёқилди. Ҳатто ҳозир Россия полицияси ҳам мигрантларга қарши босқинларини шундай “қулоқ” ирқчилар – “Русская обшина” гуруҳи аъзолари билан ҳамкорликда ўтказмоқда.

Россия фақат руслар учунми?

“Русская община” (Рус жамияти) – Россиянинг энг йирик ўта ўнг, миллатчи, мигрантофоб, исломофоб ва ҳукуматпараст ташкилоти бўлиб, 2020 йил охирларида ташкил этилган.

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ўта фаол бўлган бу митти фашистлар ўз қаҳрамонликларини тармоқларда жойлаб, ирқчилик ва миллий адоват қўзғаб келаётган бўлса-да, жавобгарликка тортилмаяпти. Ҳатто Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва ҳарбий қўмондон Алауддин Аптиев каби обрўли россияликлар бу ташкилотнинг давлат асосларини ва миллатлараро тотувликни емиришидан огоҳлантириб келса-да, Россия ҳукумати “Русская обшина”га ошкора ва яширин ёрдам беришни, уларнинг жиноятларига панжа орасидан қарашни тўхтатгани йўқ.

“Русская обшина”нинг мантиқсиз, аксилинсоний, аҳмоқона ва примитив мафкурасига кўра, ушбу ташкилот “рус халқининг ўзаро ёрдам учун бирлашувини”ни кўзда тутади.

Мазкур жиноятчилар гуруҳи Россиянинг амалдаги раҳбариятининг жорий сиёсий курсини, жумладан, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва мамлакатдаги аксилдемократик ва аксиллиберал репрессияларни қўллаб-қувватлайди. Ташкилот ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилади, хусусан, Тергов қўмитаси раҳбари Aлександр Бастрикин ташкилотдаги машҳур шахс бўлиб, миграцияга қарши ва шунга кўра ташкилот томонидан иттифоқчи сифатида кўрилади.

Ташкилот Россиядаги барча меҳнат муҳожирларига қарши кураш эълон қилган. Миллатчи жиноятчилар полиция билан биргаликда рейдлар ўтказади, жумладан, масжидларда ибодат жараёнини бузиб, намозхонларни ерга ётқизиб қўйишда полицияга ёрдам беришади.

“Русская обшина” ислом дини ва мусулмонларнинг ашаддий душмани. Улар ўз баёнотларида буни очиқ айтишади. Уларнинг фикрича, "анъанавий рус қадриятлари"га мос келмайдиган ҳар қандай нарса йўқ қилиниши ёки четга улоқтирилиши лозим. Бу жамият мафкурасига кўра фақат руслар – одам ҳисобланади. Қолган бутун дунё одам эмас. Бу мафкураси билан “Русская обшина” фашистлар мафкурасидан фарқ қилмайди. Шу боис “Русская обшина”ни ҳукумат қўллаётган неофашистлар дейилса хато эмас.

Умуман олганда, ташкилот фаолияти Россияда тақиқланган миллатчилар уюшмаси бўлмиш “Ноқонуний иммиграцияга қарши” фашистик ҳаракатининг риторикасини, ва албатта ҳукуматнинг норасмий риторикасини айнан такрорлайди.

2024 йил сентябрда Санкт-Петербургда “Ватанпарварлар марши” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу ташкилот етакчиларидан бири Aндрей Ткачук бу жараённи видеога олган ва роликда мусулмонларни “кофир ва ёвуз руҳлар” деб атаган. Кейинчалик Ткачук Бирлашган Қироллик разведка хизматларини Россияда нафрат қўзғатишда айблаб, россиялик мусулмон Мансур Гнеев ва Замир Хожимуратовни уларнинг агентлари деган, улар гўёки "кичик халқлар вакилларини руслар ва рус жамиятига ва шахсан унга қарши қўйишини" таъкидлаган.

Рейдлар

2024 йил август ойида ташкилот аъзолари шаҳар маъмурияти вакиллари ва полиция ходимлари билан биргаликда Екатеринбургда кўча сотувчиларига ҳужум қилди. Шундан сўнг, ички ишлар ходимлари савдогарларни қўлга олиб, уларнинг молларини (мева ва сабзавотларни) қаровсиз қолдирган. Улар ҳибсга олингандан сўнг ташкилот аъзолари мева-сабзавотларни ўткинчиларга тарқата бошлаган, кейинчалик маҳалла аъзолари ёрдамисиз уларни ўғирлай бошлаган. Журналистлар жамият аъзоларини бировнинг молини сўрамасдан ва пулини бермасдан олиш ўғирлик эканига ишонтиришга ҳаракат қилишди. Ўз навбатида, полиция ва интервью олинган маҳаллий руслар бегона миллатга тегишли пештахтадан ўғирлик қилиш одатий ҳоллигини ва бу жиноят ҳисобланмаслигини айтишди. Бу ҳолат ирқчилик ва ўғрилик ушбу жамият қон-қонига ва генетикасига сингиб кетганига далил ҳисобланади.

Қонун билан боғлиқ муаммолар

2024 йил май ойида суд апрел ойида бир мактабга “одам бўлмаган”ларни излаб келган ва таълим муассасасини тўсиб қўйган “Русская обшина”нинг олти нафар аъзосини ҳибсга олди. Ҳодисага талаба ва рус тили-адабиёти ўқитувчиси ўртасидаги этник низо сабаб бўлган.

2024 йил август ойида Санкт-Петербургда асли тожикистонлик такси ҳайдовчиси доғистонлик мижоз билан юзага келган можарони ҳал қилиш учун “Русская обшина” аъзоларига қўнғироқ қилган. Можаро иштирокчилари полицияга олиб кетилди ва кейинчалик “Русская обшина”нинг ўн нафар аъзоси майда безориликда айбдор деб топилиб, маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2024 йил октябр ойида Чеченистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Мансур Солтаев полиция ва прокуратурадан “Русская обшина”нинг фаолиятини текширишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўради. Солтаевнинг сўзларига кўра, ташкилот Россияда миллий адоватни қўзғатиш мақсадида хорижий разведка хизматлари учун ишлайди.

Вақтинчалик дори

“Русская обшина” ташкилоти бу фақат радикаллар муаммоси эмас. Бу фаолият давлат сиёсатидаги тизимли муаммоларни ўзида акс эттиради. Ҳукумат ксенофобия, миллатчилик ва ирқчиликни қўллаб-қувватлаб ёки кўриб-кўрмаганга олиб, ўз хатолари ва ўғриликларини вақтинча яширишга муваффақ бўлиши мумкин. Бироқ бу иши билан жорий ҳукумат Россия ижтимоий яхлитлигига путур етказаётганини англамаётган ёки англашни истма ётган кўринади.

Ҳозирги Россия ҳукумати кўмиллатли тотув жамиятни сақлаб қолишни истаса, худбинлик ва этномарказлаштирувдан воз кечиши ҳамда ҳар бир фуқаро ёки муқим ўзини тенг ҳис қиладиган одам эркин ва инклюзив жамият қурилишига тўсқинлик қилмаслиги керак бўлади. Акс ҳолда шундоқ ҳам кучли ўғрилик, коррупция ва милитаризм ботқоғига ботиб бораётган Россия жамияти тарқоқ ва кучсиз мамлакатга айланиши, исталган пайтда фуқаролар уруши ёки инқилобий ҳаракатлар учун қулай шарт-шароитлар пайдо бўлиши мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+