Прокуратура 178 нафар мансабдорни расман огоҳлантирди
Президент қарори ижроси юзасидан текширув ўтказилган.
Тошкент вилояти прокуратураси томонидан жойларда қурилиш-таъмирлаш ишларини текшириш асносида юзлаб амалдорлар огоҳлантирилган, айримлари жавобгарликка ҳам тортилган.
Бу ҳақда прокуратура маълумотида айтилади.
Жумладан, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасидаги Президент қарори ижроси юзасидан текширув ўтказилган.
Прокуратура органлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 90 та ҳолатда сифатсиз бажарилган қурилиш таъмирлаш ишлар, 46 та ҳолатда қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилиши таъминланган.
Қарор ижросини ўз вақтида сифатли бажариш ва юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш мақсадида 213 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.
Жумладан, 178 нафар мансабдор шахслар расман огоҳлантирилди, 12 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 2 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Аниқланган қўпол қонун бузилиши ҳолати юзасидан 2 та жиноят иши қўзғатилган.
Маълумотда айтилишича, йўл инфратузилмасида 295 та ички йўллар, 32 та умумфойдаланувчи йўл объектлари фойдаланишга топширилиб, 610,9 км. йўллар асфалт ва 48 км. йўллар цемент-бетон билан қопланган.
Мазкур йўналишда назорат тадбирлар давом этмоқда.