Ички ишлар вазирлиги вилоят ИИБ хабарини рад этди
Тадбир ташкилотчилари ҳукумат қарори талабларини инобатга олмаган ҳолда 2000 дан зиёд фуқаролар учун оммавий кўнгилочар маросимини ташкил этганлар.

Самарқанд тумани “Вавилон” чўмилиш ҳавзасининг очилиш маросимидаги тадбирида қатнашган аёлларнинг ҳеч бири тиббий кўрикдан ўтказилмаган ва уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмаган.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ушбу ҳолатни рад этиб чиққан. Аввалроқ хабарда акс этган, тадбирда иштирок этган аёлларга нисбатан тери-таносил касалликлари кўригидан ўтказилгани ва ОИТС/ОИВга текшириш учун қон таҳлиллари олингани тўғрисидаги маълумот вилоят ИИБ матбуот котиби Ж.Сагдуллаев томонидан шошмашошарлик билан вазиятни тўлиқ ўрганмаган ҳолда тайёрланган.
Ҳолатни ИИВ ўрганганда 16 июнь куни “Вавилон” чўмилиш ҳавзасининг очилиш маросими ташкилотчилари ҳукумат қарори талабларини инобатга олмаган ҳолда 2000 дан зиёд фуқаролар учун оммавий кўнгилочар маросимини ташкил этганлар.
Ушбу келишилмаган жамоат тадбири турли тартиб бузилишларга олиб келиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, мазкур ҳолат Самарқанд вилояти ИИБ томонидан ўрганилиб, тадбир ташкилотчилари билан профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида хавфсизлик чоралари кўрилиши зарурияти ҳақида қатъий огоҳлантирилганлар.
Ҳозир Ички ишлар вазирлиги вилоят ИИБ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинлаган.




