Россиядан келадиган газ шартномаси тафсилотлари очиқланди
Газни импорт қилишдан асосий мақсад куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган.

Газ олди-сотдиси бўйича шартнома “UzGastrade” АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, Энергетика вазирлиги шу бошқа тафсилотларни қисман очиқлади.
Газни импорт қилишдан асосий мақсад куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган. Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газ импорт қилинади, йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади.
Айтилишича, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда бозор тамойиллари асосида шакллантирилади.
“Йўл харитаси”га мувофиқ, аввал табиий газ “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилган. Эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилишини, шунингдек, республика ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тадбирларни жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилган.
Жумладан, “йўл харитаси” доирасида газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.




