platina.uz

Заҳарли йўтал сиропи хавфи ҳамон мавжуд – ЖССТ

ЖССТ барча мамлакатларни назоратни кучайтиришга чақирди ва дори воситаларини синаб кўриш учун ресурсларга эга бўлмаган мамлакатларга ўз ёрдамини таклиф қилди.

Жаҳон
17 июнь 2023 йил
Заҳарли йўтал сиропи хавфи ҳамон мавжуд – ЖССТ

Заҳарли йўтал сироплари билан боғлиқ глобал хавф сақланиб қолмоқда, дея маълумот берган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Reuters агентлигига. Ҳозир ЖССТ ўлимга олиб келиши мумкин дориларни етказиб бериш йўлларини кузатиш учун аввал хабар берилганига қўшимча 6 та давлат билан ҳамкорликда ишламоқда.

Ўтган йили шубҳали дори воситалари уч қитъада 300 дан ортиқ гўдак ўлимига сабаб бўлгани ортидан, БМТ агентлиги ҳамон зарарли сироплар сотилиши мумкин бўлган тўққизта давлат номини ошкор қилди.

ЖССТнинг сифатсиз ва қалбаки дори воситалари билан боғлиқ ҳодисалар бўйича гуруҳи раҳбари Рутендо Кувана агентлик ишлаётган олтита янги давлат номини айтишдан бош тортди, чунки ҳали тергов ҳаракатлари давом этмоқда. У зарарли дори-дармонлар яна бир неча йил давомида сотилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Чунки бу дорилар таркибидаги таъсир қилувчи модда ҳали омборларда сақланаётган бўлиши мумкин. Қолаверса, йўтал сироплари таркибига кирувчи пропилен гликолнинг яроқлилик муддати тахминан икки йил. "Хавф ҳамон сақланиб қолмоқда", деган Кувана.

2001 йилдан бери ЖССТ 5 ёшгача бўлган болаларга йўтал сиропларини бермасликни тавсия қилади, чунки улар қанчалик самарали экани ёки уларнинг қандай ножўя таъсирга эга бўлиши мумкинлиги ҳақида ишончли маълумотлар етарли эмас.

Сўнгги ярим асрда Ҳиндистон ва Панама каби мамлакатларда парацетамол ва йўталга қарши дори-дармонлар билан боғлиқ камида бешта нохуш ҳолат юз берган. Ўтган йили эса бу дорилар натижасида келиб чиққан ўлим ҳолатлари рекорд даражада кўп бўлган.

ЖССТ, шунингдек, барча мамлакатларни назоратни кучайтиришга чақирди ва дори воситаларини синаб кўриш учун ресурсларга эга бўлмаган мамлакатларга ўз ёрдамини таклиф қилди.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил декабрь ойида Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 МАХ» йўталга қарши сиропидан Ўзбекистонда ўнлаб болалар ҳалок бўлган эди.

2023 йил январь ойида ЖССТ Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Амбронол» йўтал сиропи ва «Док-1 МАХ» сиропи таркибида диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари борлигини тасдиқлаган эди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+