ДХХ йирик ерфурушларни фош этди
Ҳозир барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жамият
16 июнь 2023 йил
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бир қатор ваколатли органлар билан ҳудудларда тезкор тадбирлар ўтказиб, ноқонуний ер олди-сотдисининг олдини олишган.
Жумладан:
- Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманидаги фермер хўжалиги раҳбари мазкур фермер хўжалигига ҳамда ўзига алоқаси бўлмаган 3 та фермер хўжалигига тегишли, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган жами 620 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 400 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 200 минг долларни ўз қариндоши орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
- Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжаликнинг 1,5 гектар ер майдонини иссиқхона ташкил қилмоқчи бўлган фуқарога 120 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 60 минг доллар олган вақтида ушланган.
- “Urgut Savdo Kompleksi” МЧЖда ишловчи шахс ўзганинг ишончига кириб, унга мазкур савдо комплекси ҳудудидан 60 квадрат метр ер майдони олиб бериш учун 40 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланган.
- Наманган вилоят кичик саноат зоналарини бошқариш ва мувофиқлаштириш дирекциясининг туманлардан биридаги масъул ходими ўзи фаолият юритувчи туманда жойлашган кичик саноат зонаси ҳудудидан 80 сотих ер майдони олиб бериш учун тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан 300 млн. сўм олган вақтида ушланган.
Ҳозир барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.