Андижон ва Сурхондарёдаги тезкор тадбирларда наркосавдогарлар ушланди
Афғонистон фуқароси чопонлар орасига яширилган 6 кгдан ошиқ "гашиш"ни 15 минг долларга сотаётган бўлган.

Андижон ва Сурхондарёда наркосавдогарлар қўлга олинди.
"Хавфсиз ва соғлом юрт" тезкор-профилактик тадбири доирасида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи, 1986 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада ушбу манзилдан жами 1 кг 157 гр "гашиш" моддаси ва 1946 дона "Регапен" кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида мазкур шахсдан "Регапен" дори воситасини сотиб олмоқчи бўлган 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ҳам ушланиб, унинг ёнида бўлган 1,5 гр «гашиш» моддаси ва 2 дона «Регапен» дори воситаси процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситаси савдосига чек қўйилди.
Жумладан, Термиз халқаро савдо марказида олдиндан кузатувга олинган 1986 йилда туғилган Афғонистон фуқароси сотиш учун мўлжалланган чопонлар орасига яширган ҳолда мамлакатимизга контрабанда қилинган 6 кг 342 гр "гашиш" моддасини 15 минг АҚШ долларига сотган вақтида Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда қўлга олинди.
Ҳозирда хориж фуқаросига нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





