Хоразмда суд ва прокуратуранинг адолатсизлиги маълум бўлди

Бир фуқаро йўл-транспорт ҳодисасида ҳам ўзи жабр кўриб, ҳам машинаси шикастланиб, ҳам ўзи жазолангани, бу бўйича мурожаат қилмаган одами қолмаганини маълум қилган.

Жамият
15 июнь 2023 йил
Хоразмда суд ва прокуратуранинг адолатсизлиги маълум бўлди

Хоразмда бир фуқаро йўл-транспорт ҳодисасида ҳам ўзи жабр кўриб, ҳам машинаси шикастланиб, ҳам ўзи жазолангани, бу бўйича мурожаат қилмаган одами қолмагани маълум бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёровга мурожаатчи М.С. мурожаат қилди.

Аниқланишича, мурожаатчининг ўғли “Matiz” машинасини Урганч-Хива автомобиль йўлида ўз ҳаракат полосасида бошқариб келаётганида, орқасида юк ортилган тиркамаси бўлган “Кобальт”да катта тезликда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Х.Х. қарама-қарши йўналишда бошқарувни йўқотиб ЙТҲ содир этган. Натижада “Matiz”га 18,5 млн. сўмлик моддий зарар етказилган.

Мурожаатчининг ёзишича, суд-тергов жараёнларида ҳайдовчи Х.Х. эмас, балки ўз ҳаракат полосасидан чиқмаган “Matiz” ҳайдовчиси жавобгарликка тортилган. Мурожаатчи М.С. суд ҳукми устидан аппеляция шикоятини берган, лекин апелляция суди биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган. Иш Олий судгача борган ва ниҳоят апелляция ажрими бекор қилиниб, иш қайта кўриш учун қайтарилган. Такрорий апелляцияда “Matiz” русумли машина эгаси оқланган.

Лекин жиноят ишининг бир қисми Хоразм вилоят прокурорига юборилган бўлишига қарамасдан ЙТҲда айбдор шахснинг жавобгарликка тортиш масаласи ҳал этилмаган. Мурожаатчи М.С. бир неча маротаба вилоят прокуратурасига мурожаат қилганида Х.Х. ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад қилингани тўғрисида маълум қилинган.

Орадан 6 ой ўтгач, мурожаатчи Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакилига мурожаат қилган ва ҳолат назоратга олинган. Омбудсман минтақавий вакили Одилбек Оллоёров иш ҳужжатларини ўрганиб, терговчининг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарори асоссиз эканлигини кўрсатиб, ишни қонуний кўриб чиқиш бўйича Хоразм вилоят прокурорига мурожаат қилган.  

Шундан сўнг, Х.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан айблов ҳукми чиқарилди. Бу билан йўл транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарларни фуқаролик ишларини юритиш тартибида ундириш имкони яратилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+