Президент Италияга учиб кетади
Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Италияга боради. Италия президенти Сержо Маттарелла таклиф қилган.
Олий даражадаги учрашувлар Рим шаҳрида бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев Сержо Маттаррелла ва бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.
Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси бош қароргоҳи Италия пойтахтида жойлашган Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади — Ўзбекистон президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.