Мирзиёев ва Маттарелла музокара ўтказди
Унда икки томонлама стратегик шерикликни ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев ва Италия президенти Сержо Маттарелла “Кўксарой” қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказдилар. Унда икки томонлама стратегик шерикликни ва устувор йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари келгуси йилда ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олишди. “Марказий Осиё - Италия” мулоқоти доирасида ҳам фаол алоқалар давом эттирилади.
Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма лойиҳалар портфели 9 миллиард еврони ташкил этди.
Савдо муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида Савдога кўмаклашиш комплекс дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Ҳукуматлараро гуруҳ доирасида маҳаллийлаштиришнинг янги йўналишлари ва лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари форумини таъсис этиш ва унинг илк учрашувини келгуси йили Самарқандда ўтказиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Тошкентдаги Турин политехника университети филиали негизида Италиянинг илғор технологиялари трансфери маркази ташкил этилади.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.