platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Италия бош вазирига мактуб йўллади

Президент Жоржа Мелонини Италия Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимида шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган Ҳукумат раҳбари сифатида тарихдан жой олгани билан табриклади. 

Шавкат Мирзиёев Италия бош вазирига мактуб йўллади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржа Мелонига мактуб йўллади.

​Давлатимиз раҳбари Жоржа Мелонини Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимида шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган Ҳукумат раҳбари сифатида тарих саҳифаларидан муносиб жой олгани билан самимий муборакбод этди.

​Президент ушбу натижа Жоржа Мелонининг сиёсий иродаси ва қатъияти, давлатчилик масъулиятини чуқур ҳис этишига Италия халқи томонидан билдирилган юксак ишончнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.

​Ҳозирги ўта мураккаб ва тез ўзгараётган шароитда Италиянинг миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва халқаро майдондаги обрў-эътибори ҳамда нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида Жоржа Мелони олиб бораётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

​Президентимиз Италия Ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона муносабати ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қаратаётган доимий эътибори учун миннатдорлик билдирди.

​Ўзбекистон Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши таъкидланди. Бугунги кунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар тобора сермазмун тус олиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

​Мактуб якунида давлатимиз раҳбари Жоржа Мелонига мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Италия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid