Хитой Ойга қўнса, уни эгаллаб олиши мумкин - NASA раҳбари
NASA раҳбари Билл Нелсоннинг қайд этишича, Вашингтон ва Пекин ўртасидаги “космик пойга” тобора кескинлашиб бормоқда. Нелсон, агар хитойлик тайконавтлар Ойга қўнса, улар бошқа давлат фазогирларининг Ойдаги ресурсларга бой ҳудудларга киришига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Aгар астронавтлар Ер табиий йўлдошига қўнса, Хитой ҳукумати Ойдаги ҳудудга даъво қилиши мумкин, деди NASA раҳбари Билл Нелсон Politico нашрига берган интервюсида. Унинг тан олишича, икки давлатнинг коинотдаги рақобати натижасида Пекин Ой юзасидаги ресурсларга энг бой ҳудудларни эгаллаб олади ва АҚШ миссиясини бу ҳудудларга киришига йўл қўймайди.
"Бу ҳақиқат: биз космик пойгага киришдик", деди Нелсон. NASA раҳбарининг сўзларига кўра, Вашингтон Пекин “илмий тадқиқотлар ниқоби остида Ойдаги ҳудудларни эгаллаб олмаслиги”ни таъминлаши керак.
“Ва улар: “Четга ўтинглар, биз келдик, энди бу бизнинг ҳудудимиз”, дейишлари мумкин”, деди у. Нелсоннинг қайд этишича, икки давлат ўртасидаги фазони тадқиқ қилиш соҳасидаги рақобат тобора кескинлашиб бормоқда. NASA раҳбарининг сўзларига кўра, Хитой сўнгги йилларда бу соҳада “катта қадамлар қўйди ва сезиларли ютуқларга эришди”. "Уларнинг Ойга қўниш санаси тобора яқинлашаётгани ҳам ҳақиқат", - дея қўшимча қилди Нелсон.
Politico'нинг қайд этишича, Хитойнинг “тажовузкор фазо дастури”, жумладан, яқинда қуриб битказилган «Тяньгун» орбитал станцияси тобора кенгайиб бормоқда. Нашрнинг эслатишича, Пекин аввалроқ Хитой тайконавтларининг Ойга қўнишига шу ўн йилликнинг охиригача рухсат берган эди. 2028 йилга келиб, Bloomberg хабарига кўра, Хитой Ойда бункерли база қуриш ниятида.
Декабр ойида Хитой ҳукумати коинотда инфратузилма барпо этиш ва космик бошқарув тизимини яратиш каби янада улуғвор лойиҳалар муҳокама қилинаётганини маълум қилганди.
Нелсоннинг баёноти NASAнинг Artemis-1 ой миссияси якунланганидан кўп ўтмай янгради, унда экипажсиз Orion космик кемаси Ой атрофида айланиб, Ер сатҳига тахминан 130 км. масофага яқинлашгани ва Ой атрофида узоқ ретроград орбитада олти кун бўлгани айтилган. NASA агентлиги 2025 йилда Ойга астронавтларни қўндирмоқчи.




