Теҳрондан учган самолёт фавқулодда Тошкентга қўнди
Бунга самолёт бортида бўлган йўловчининг саломатлигида муаммо кузатилган.
Эроннинг Теҳрон шаҳридан Хитойнинг Пекин шаҳрига учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Теҳрон-Пекин йўналишида IRM079 рейсини амалга ошираётган Mahan Air авиакомпаниясининг самолёти Тошкентга фавқулодда қўнди. Самолёт кеча, 28 май куни маҳаллий вақт билан соат 23:20 да Тошкент аэропортига келиб қўнган.
Бунга юрак хуружига учраган йўловчи сабаб бўлган. Йўловчининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли экипаж муқобил аэродромга қўнишга қарор қилган.
Аэропортга қўнгач, йўловчи тез ёрдам машинасида олиб кетилган ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббий муассасага ётқизилган.