Қашқадарёлик фуқаро нега уч йил сарсон бўлди?
Қашқадарёлик Равшан Жовлиев уч йилдан бери идорама-идора югуриб, овора-ю сарсон бўлди. Турли ташкилотларга қатнаб, пошнаси ейилди. Равшан ака нон сўрамади, пул сўрамади, адолат истади, холос.
Гап шундаки, унинг ўғли Мақсуд Жовлиев ички ишлар идораларида ишлаб, туҳмат билан ишдан бўшатилиб, 2021 йилда ноҳақ қамалган эди. Ниҳоят, адолат қарор топди. Равшан ака муаммони ҳуқуқий йўл билан ечиш кераклигини англаб, Олий судга мурожаат қилди. Суд иш материалларини синчковлик билан кўриб чиқиб, ички ишлар идораларининг собиқ ходими Мақсуд Жовлиевни оқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Ҳақ қарор топди.
- Адолат бор экан, Олий суд боламни оқлаб берди, - дейди хурсандчиликдан кўз ёшларини тўхтата олмаётган Равшан Жовлиев. - Бугун бу ҳақдаги ҳужжатларни олдик. Олий суд раисига миннатдорлик билдириш учун Президент Халқ қабулхонаси ташкил этаётган республика ишчи гуруҳининг оммавий қабулига келдим. Адолатни қарор топтирган раҳбариятга, судьяларга минг раҳмат!
Ҳуқуқлари топталган фуқаро фақат Равшан Жовлиев эмас. Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан мулоқотлар асосида 8 нафар собиқ ходим ички ишлар органларига ишга тикланган бўлса, тизимда ишлаш истагини билдирган 24 нафар мурожаатчига навбатдаги танловда қатнашишга рухсат этилди.
Самарқанд вилояти Иштихонда ўтказилган қабулда республика мутасаддилари 2 мингдан ортиқ шунга ўхшаш мурожаатларни ўрганиб чиқди. Президент Халқ қабулхонаси ташкил этаётган бу каби очиқ-жонли мулоқот ва қабуллар ҳақни ноҳақдан ажратиш, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, қонун устуворлигини таъминлаш, адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Республика ишчи гуруҳининг Иштихондаги оммавий қабулида кўриб чиқилган жами 2 минг 294 та масаланинг 1 минг 33 таси жойида ҳал қилиниб, 87 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 1 минг 174 та масала назоратга олинди.