Белгородда нима гаплар?
Белгородда кечаги кун тушунарсиз бўлди. Шаҳарда кун бўйича ҳаво ҳужумидан тревога ҳамда портлаш овозлари эшитилиб турди. Кутилмаганда рўй берган дронлар ҳужуми ва Украина билан чегара ўтиш пунктларидан бирининг йўқ қилиниши нафақат маҳаллий аҳоли, балки Белгород маъмурияти вакилларини ҳам ваҳимага солди.
Одамлар суратга олиб тарқатган видео ҳамда фототасвирларда украин танклари, зирҳли машиналар ҳамда дронлар акс этган. Эрталабки тартибсизликлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Россия озодлиги” легиони радиостанциялар орқали шаҳар аҳолисини зудлик билан эвакуация қилишга чақириб, “Россия озод бўлади”, деб қайтарган. "Путин зомбиларидан фарқли ўлароқ, биз тинч аҳолига тегмаймиз ва улардан ўз мақсадларимиз учун фойдаланмаймиз”, деган гуруҳ вакили.
Соат 11:38 да маҳаллий губернатор Вячеслав Гладков минтақадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими эрталаб соат 9 дан бери ишлаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар йўқ. Ракетанинг бир қисми Антоновка қишлоғидаги хусусий уйнинг боғига қулаган. Шунингдек, у Козинка ва Гора-Подил қишлоқлари миномётлардан ўққа тутилгани, бу ерда “пичан омбори ёниб кетгани” ҳақида хабар берган.
Соат 12:02 да Гладков Новая Таволжанка қишлоғига портловчи қурилма ташланганини эълон қилди ва бу дрон эканлигини тан олди.
"Дроннинг ўзи турар-жой биноларидан 100 метр узоқликда қулаган. Воқеа жойида сапёрлар ва тезкор хизматлар ишламоқда", — деган у.
Шу билан бирга, Гладков халқни "ваҳима қилмаслик"ка чақириб, Белгородга "жиддий ҳужум" ҳақида гапирган. Гладков ҳужум оқибатида Грайворон туманида ўнлаб қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни рад этди ва бунинг учун алоҳида видеомурожаат ҳам ёзди.
Соат 13:54 да "Россияга Озодлик" легиони Россия кўнгиллилар корпуси кучлари билан биргаликда Козинка қишлоғини тўлиқ озод қилишга муваффақ бўлганини даъво қилган.
Ўз навбатида, Гладков ҳам “Украина Қуролли кучлари гуруҳи Грайворон округи ҳудудига бостириб кирганини” маълум қилди.
Украина ОАВлари Белгородда Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати биносига зарба берилганини хабар қилди.
Шаҳар узра тутун кўтарилаётгани акс этган сурат ва видеоларни Россиянинг СОТА интернет нашри телеграм каналида эълон қилди. “Белгородда улар ФХХ биносига зарба беришди. Шаҳарда жорий қилинган аксилтеррор операцияси режими туфайли, эндиликда минтақада расмий манбаларга асосланмаган ҳар қандай нашрларни чоп этиш тақиқланган”, — дейилади хабарда.
Белгород телеграм каналлари соат 23:20 атрофида шаҳар марказида кучли портлаш содир бўлгани, шундан сўнг тутун устуни кўтарилгани ҳақида хабар берган. Кейинроқ Преображенская кўчаси тўсиб қўйилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди, воқеа жойига ўт ўчирувчилар, полициячилар ва тез ёрдам машиналари етиб келди.
Айни пайтда россиялик тарғиботчи Рибарнинг ёзишича, ҳужум нишонлари нафақат ФХХ биноси, балки Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги департаменти ҳам бўлган.
Россия ҳукумати зудлик билан Грайворон туманида эвакуацияни амалга оширмоқда, чунки бу минтақадан унча узоқ бўлмаган жойда “Белгород-22” деб номланган Россия ядровий захиралари сақланадиган омбор мавжуд.