platina.uz

Ибн Сино инглиз, Тўмарис қозоқ, Бобур ҳинд, Мангуберди турк, Амир Темур?..

Шундай аждодларимиз келажакда авлодлари томонидан сотилишини билишганида ном чиқармай ўтиб кетган бўлишармиди...

Мақола
22 май 2023 йил
Ибн Сино инглиз, Тўмарис қозоқ, Бобур ҳинд, Мангуберди турк, Амир Темур?..

Шундай аждодларимиз келажакда авлодлари томонидан сотилишини билишганида ном чиқармай ўтиб кетган бўлишармиди...

Бизнинг буюк тарихимизда шундай бир шахслар ўтганки, уларни ҳатто бутун дунё ҳурмат қилади, эшитганда "Во!" дейди... Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур, Мирзо Улуғбек... деб оғиз кўпиртиришни, мақтанишни ва сохта очко ишлашни жуда яхши кўрамиз. Уларнинг рўйхати жуда узун ва хайриятки, ҳаммаси ўзбек заминида туғилган, қадимги ўзбек тилида сўзлашган ва миллати ҳам ўзбек бўлиб қолади. Аммо бундай буюк аждодларимизни биз авлодлар ҳозир бошқаларга сотяпмиз.

Кинематография агентлиги матбуот котиби Шоҳира Ҳамро Фейсбукда шундай пост ёзибди: Бу гал Амир Темур зирак тақиб кўринади шекилли бизга. Кристиан Мортенсен — Амир Темур ролида. “Темурланг” бадиий фильми. 2023 йил".

Ҳеч бир нарса ватанни спортчалик дунёга танита олмаслиги мумкин, аммо биз бу гапни ўзгартирамиз. Кино бутун дунёда ҳар қандай даражада таъсир ўтказа олидаган қудратга эга. Хоҳласа, бир давлатни лойга булаб, ёмонотлиқ қилади, истаса, уни кўкларга кўтариб, олқиш ва ҳурматларга сазовор этади. Бу фақат кинонинг қўлидан келади!

Ҳурматли Шоҳида Ҳамро, аввало "Темурланг" эмас, "Тамерлан". Хорижда уни шундай аташади. Ўзбекистонда Амир Темур. Хўш, Амир Темур ким, Мортенсен ким ва кинони ким оляпти? Энг муҳим савол: сиз қаерда ишлайсиз? Ўта долзарб жумбоқ: ўзбек киносига жавобгар каттаконлар нима иш билан банд?

Ўзбек киносидаги шахслар бировнинг зирак тақишини муҳокама қиляпти. Худди ўзбекча кино ва сериалдаги мавзулардаги сингари. Ҳаммаси майдакаш ва ўта маиший. Шунинг касрига буюк аждодларимизни бошқалар илиб кетяпти. Масалан, "Авиценна шогирди" деган кинода Ибн Сино образини инглиз актёри Бен Кингсли ўйнаган. "Томирис" деган қозоқ киносида Тўмарис ролини Алмира Турсун ўйнаган. Жалолиддин Мангуберди ролини эса турк актёри ижро этяпти. Бобур ролини Кунал Капур маромига етказган.

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланган илк йилларида айнан тарихий киноларни кўпайтиришни топширган ва киночиларимизнинг азалий баҳонаси — пулни аямаган. Ўша пайтда "Ўзбеккино" агентлиги янги раҳбарияти ўзича бор эътиборини тарихий фильмлар яратишга қаратгандек кўрсатди, миллиардлаб пуллар сўралди. Лекин натижа нима бўлди?

Кимдир Ибрат, бошқаси Исломхўжа, яна биттаси Қўқон хонлиги, айримлар умумий тарихий жараёнлар ҳақида кинолар ишлашга киришиб кетишди. Бунақа шахслар борлигини айрим ўзбеклар шунда билди, хорижликларни-ку қўя турайлик. Лекин шундаям эсдан чиқиб бўлди. Хўш, бутун дунё танийдиган Темур, Бобур, Навоий, Ибн Сино, Улуғбек, Бухорий каби шахслар ҳақидаги кинолар қани?

Бобур деса ҳамон Муҳаммадали Абдуқундузов, Навоий деса Раззоқ Ҳамроев хаёлимизда гавдаланади. Бу кинолар эски Ўзбекистон тугул, эски иттифоқ пайтида суратга олинган. Амир Темур ҳақида сериал олинган, Беҳзод Муҳаммадкаримов ўйнаган. Бунақа арзон, сифатсиз, савиясиз ва ҳафсаласиз ишланган кинони даладаги чўпон ҳам англаб етган ўшанда.

Хўп, Тўмарис ҳақида қозоқ биродарларимиз зўр кино ишлашни бошлаганида бизнинг киночиларимиз, кинога масъул каттаконлар қаерда нима қилаётган эди? Масалан, массагетлар қозоқ эмас, ўзбек заминида яшаган, деган гапга ким ишонади? Амир Темур зирак тақиб юрмаган, десак, ким ишонади? Бунақа латтачайнар гаплардан кўра, амалий ишларни кўрсатиш керакмасми? Ўзбек киносини-ку ўлдириш тугул кўмиб ҳам бўлдинглар.

Эртага бошқа алломаю подшоҳларимизни ҳам қўшниларимиз илиб кетади. Кинога масъулларимиз эса ўшанда ҳам "унисининг қоши қийшиқ экан", "буниси сийрак соқол экан", "бу актёрнинг орқаси озғин экан" деган дийдиёларни гапириб ўтираверса керак.

Ҳурматли ўзбек киносининг корчалонлари, сизлар бировнинг зирагини чайнамасдан, ўз ишингизни қилганингизда бу гапларга ҳожат ҳам қолмасди, афсус...

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+