Чарли Чаплин меросидан тортиб шов-шувли кино премьераларигача: Тошкентда халқаро кино тадбири бўлиб ўтди
Шунингдек, ўзбек кинорежиссёри Шухрат Аббосов кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун вафотидан сўнг тақдирланди. Мукофотни режиссёр номидан унинг ўғли Элжон Аббосов қабул қилиб олди.

23 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Халқаро форумлар саройида Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларининг кино ва телевидение соҳасидаги ютуқларига бағишланган махсус халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир дастуридан матбуот анжумани, Чарли Чаплин мукофотини топшириш маросими ҳамда кино намойиши ўрин олди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги кўмагида ташкил этилди.
Тадбир дастури Чарли Чаплин мукофотига бағишланган матбуот анжумани билан бошланди. Унда кино соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, Тошкентнинг мамлакатлар ўртасида маданий мулоқот майдони сифатидаги ўрни ҳамда минтақавий кинематография анъаналарининг ўзаро боғлиқлиги каби мавзулар муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ҳамда актриса, тадбиркор ва афсонавий актёр ҳамда режиссёр Чарли Чаплиннинг набираси Киара Чаплин маърузачи сифатида иштирок этди.
Тадбир дастурининг кейинги қисми The Hollywood Reporter нашри билан ҳамкорликда ўтказилган Chaplin Awards мукофотини топшириш маросими бўлди.
Киара Чаплин россиялик актриса Леонела Мантуровага тарихий кинолардаги кучли аёл образларини маҳорат билан гавдалантиргани учун «Олтин ҳасса» (Golden Cane) мукофотини топширди. Шунингдек, ўзбек кинорежиссёри Шухрат Аббосов кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун вафотидан сўнг тақдирланди. Мукофотни режиссёр номидан унинг ўғли Элжон Аббосов қабул қилиб олди.
Кино саноатига қўшган салмоқли ҳиссаси учун The Hollywood Reporter таҳририяти Борис Ханчалянни Featured Producer мақоми билан эътироф этди.

Халқаро соҳавий медиа брендининг тадбирдаги иштироки дастурнинг профессионал йўналишини янада мустаҳкамлаб, кино саноати вакилларининг ютуқларига эътибор қаратди. Шунингдек, The Hollywood Reporter россиялик медиаменежер, «Чемпионлар ватани: Ислом Махачев» («Родина чемпионов: Ислам Махачев») фильмининг бош продюсерларидан бири Алина Зиннатуллинани ҳам эътироф этди. У тадбир саҳнасида мазкур фильмни тақдим этди.
Тадбирнинг якуний қисмида томошабинларга 2025 йилда Ўзбекистонда премьераси бўлиб ўтган «Haqqim bor» («Ҳаққим бор») фильми намойиш этилди.
Киноасарда зўравонликка дуч келган болаларнинг орзу-интилишлари, ички кечинмалари ва жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган интилиши нозик тасвирланган. Фильм болалар ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эга бўладиган жамиятда яшаш ҳуқуқи, уларнинг орзу-умидлари ҳамда келажакка бўлган ишончини таъсирчан тарзда очиб беради.





