Автомобилларни ижарага ёки лизингга беришдаги фирибгарликлар кўпайгани маълум қилинди
“Бу каби воқеаларнинг кўп учраётгани қонунчилик ҳужжатларига ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратини келтириб чиқарди”, демоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Эргашев.
Олий суд томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, автомобилларни ижарага ёки лизингга беришдаги фирибгарлик жинояти бўйича 2020 йилда 10 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган бўлса, 2021 йилга келиб ушбу кўрсаткич 2 баравар ортиб, 22 нафарни ташкил этган.
Мазкур жиноятлар оқибатида фуқароларга етказилган зарар 2020 йилда 8,2 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич қарийб 9 баравар ортиб, 69,3 млрд. сўмга етган. Қолаверса, ушбу жиноят туфайли 16 805 нафар шахс жабр кўрган.
Бу каби воқеаларнинг кўп учраётгани қонунчилик ҳужжатларига ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратини келтириб чиқарди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида бу борадаги муаммолар ечимига қаратилган янгиликлар акс этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Эргашевнинг изоҳ беришича, мазкур қонун лойиҳасида ижара ва лизинг муносабатларига оид 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
– Биринчидан, “Ижара тўғрисида”ги қонунда кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномасининг аниқ таърифи, шартнома объектини тасарруф этиш ва гаровга қўйиш, шунингдек, ундирувга қаратишнинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилмоқда.
Иккинчидан, “Лизинг тўғрисида”ги қонунда лизинг шартномаси тузилган вақтдан эътиборан шартнома обекти лизинг берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилишини та’минлаш учун лизинг олувчида гаровга олинган деб ҳисобланиши белгиланмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жавлон Эргашев.
Шу билан бирга, лизинг берувчи лизинг олувчининг розилигини олмай туриб, лизинг объектини бошқача тарзда тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги назарда тутилмоқда.