Қорақалпоғистонда ўқувчиларга берилган бепул егуликдан дори чиқиши ортидан жиноят иши очилди
Мазкур ҳолат бўйича туҳмат ва рақобатчини обрўсизлантириш айблови қўйилган.

Ижтимоий тармоқларида кейтеринг усулида етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ичидан таблетка кўринишида дори воситалари чиққани ҳақида тарқалган маълумотлар ортидан туҳмат ва рақобатчини обрўсизлантириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон прокуратураси хабар берди.
Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида аниқланишича, бир гуруҳ шахслар кейтеринг усулида озиқ-овқат таъминотини амалга ошираётган тадбиркорларга нисбатан туҳмат уюштириш орқали уларни обрўсизлантириш мақсадида, 3 та ҳолатда ичига дори воситалари жойлаштирилган булка ва пряник маҳсулоти, гўёки Элликқалъа ва Беруний туманларидаги таъминотчилар томонидан тарқатилгани ҳақидаги иддаолар билан "Антикоррупция" телеграм каналига асоссиз ва нохолис маълумотлар жойлаштирилишига эришиб, тадбиркорлик субъектларининг ишбилармонлик нуфузига путур етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “г” банди (Туҳмат) ва 192-моддаси (Рақобатчини обрўсизлантириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши тергови якунига кўра, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилади.




