platina.uz

Кегейлидаги ҳолат бошқа ҳудудларда такрорланмаслигига кафолат борми?

Мактабларда 1–4-синфлар ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш жараёнидаги сифатсиз маҳсулотлар машмашасига ҳали кўп бўлгани йўқ. Бу масаладаги хавотирлар ҳам ҳали ўша-ўша. Биз мавзуга қайтдик ва масъуллардан муҳим саволга жавоб олдик: Кегейлидаги ҳолат бошқа ҳудудларда такрорланмаслигига кафолат борми?
Жамият
16 март 2023 йил

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилиши белгиланди.
2021 йил 21 сентябрда эса президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, Қорақалпоғистонда 1-4-бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилиб, бунинг учун бюджетдан йилига 100 миллиард сўм ажратилиши айтилган эди. Ушбу ташаббус ортидан Вазирлар Маҳкамасининг 472-сонли қарори имзоланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ахборот хизматининг хабарига кўра, айрим мактабларда ўқувчиларга санитария эпидемиология бўлими ходимлари томонидан чириб кетган олма ва қўнғиз босган ширинлик каби сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани аниқланган эди. Биз мавзуга қайтдик ва масъуллардан муҳим саволга жавоб олдик: Кегейлидаги ҳолат бошқа ҳудудларда такрорланмаслигига кафолат борми?
Санитария-эпидемиология қўмитасининг Санитария-гигиена бошқармасининг бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Анвар ШУКУРОВнинг қайд этишича, аввалроқ тарқалган сифатсиз маҳсулотлар, яъни чириган олма ва бошқалар болаларга етиб бормаган. Ўрганиш жараёнида аниқланган ва ўша заҳоти истеъмолдан чиқарилган.

“Ўрганиш жараёнида биз таъминотчилар билан ҳам учрашдик ва уларга ҳам тушунтиришлар берилди. Болаларга бепул тушлик тадбири биринчи марта ташкиллаштириляпти, унинг назорати олиб бориляпти”, дейди масъул.


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва тиббий хизмат кўрсатишни мувофиқлаштириш бўлими мутахассиси Шоира РАЙИМБАЕВАнинг берган маълумотига кўра, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида 85 000 нафар бошланғич синф ўқувчилари бепул овқатлантириб келинмоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб эса бутун республика бўйича 2,5 млн. нафардан ошиқ 1-4-синф ўқувчиларини овқатлантириш режалаштирилган. Рақамлардан кўринадики, бутун респбулика бўйича бу амалиётни амалга ошириш осон иш эмас.

“Ҳақиқатда Қорақалпоғистонда бу амалиётни жорий этилишида айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Айнан Кегейлидаги ҳолатда эса сифатсиз маҳсулотлар ҳали умумтаълим мактбаларига етиб бормаганини қайд этиш керак” дейди мутахассис.

Энди назорат қандай бўлади?
Санитария-эпидемиология қўмитаси масъулининг изоҳича, бу жараёнда маҳсулотлар меъёри ва сифатидан тортиб уни етказиб беришни ташкил этиш ҳолатларигача барчаси назоратда. Шунингдек, бу жараёнда таъминотчиларга ҳам, умумтаълим мактабларига ҳам бу борада амалий ёрдам ва тавсиялар ҳам берилади.

Янги ўқув йилидан бутун республикада бу амалиёт татбиқ этилишини инобатга олсак, аниқланган ҳолатлардан хулоса қилиш лозим. Болаларга фойдали бўлган тажрибаларни ишлаб чиқар эканмиз, бир чеккада ўтмай қолган маҳсулотларини ўтказиш тажрибаларини ўйлаб қўяётганлар борлигини унутмаслик лозим. Ахир беш қўл баравар эмас.

Аббос ИМОМОВ

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+