platina.uz

Жиззахда суд бошқарувчиси пора билан қўлга тушди

Судьялар олий кенгаши “Жиззахда суд бошқарувчиси пора билан қўлга тушган”ига аниқлик киритди.

Жамият
12 май 2023 йил
Жиззахда суд бошқарувчиси пора билан қўлга тушди

Жиззахда суд бошқарувчиси пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабар айрим интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқлардаги турли каналларда эълон қилинар экан, асосий эътибор ва урғу суд органларига берилмоқда. Шунингдек, айрим журналист ва блогерлар томонидан мазкур ҳолатга муносабат сўралган, Судьялар олий кенгашига мурожаатлар ҳам бўлмоқда.

Судьялар олий кенгаши маълум қилишича, суд бошқарувчилари - суд тизими вакиллари дегани эмас, янада очиқ айтилса, улар суд ходими ҳисобланмайди.

Қонунга кўра, юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар фақат суд томонидан тўловга қобилиятсиз деб, топилиши мумкин. Тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) тартиб-таомилларини ўтказишга масъул шахс ҳам ваколатли орган тавсиясига асосан иқтисодий суд томонидан тайинланиши ўз-ўзидан маълум.

Суд бошқарувчиларининг суд ходимлари таркибига кирмаслигининг яна бир ҳуқуқий асосики, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколати ва фаолиятига доир бошқа масалалар “Судлар тўғрисида”ги қонун билан эмас, балки умуман бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 765-сон қарори билан тасдиқланган Низом билан тартибга солинган.

"Баён этилганлардан келиб чиқиб, айрим оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан масала моҳиятини тушунган ҳолда хабар тарқатиш сўралади. Акс ҳолда, бундай ахборот нотўғри талқинларга, нотўғри талқинлар эса жамоатчиликда янглиш тасаввурлар шаклланиши эҳтимолини юзага келтирадики, бу ҳуқуқий тартибларнинг тескари тарғиботидан бошқа нарса эмас", дейилади муносабатда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+