platina.uz

Бош прокуратура нашид учун қамалган талаба иши бўйича протест киритадими?

Айни кунларда муҳокамалар марказида бўлиб турган масала бўйича platina.uz Бош прокуратурадан муҳим саволга ойдинлик киритди.

Жамият
11 май 2023 йил
Бош прокуратура нашид учун қамалган талаба иши бўйича протест киритадими?

Телеграм тармоғидан синфдошларидан иборат 10 кишилик гуруҳга нашид жўнатгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-босқич талабаси Жаҳонгир Улуғмуродов масаласи ҳамон жамоатчиликнинг диққат марказида. Айни кунларда муҳокамалар марказида бўлиб турган масала бўйича platina.uz Бош прокуратурадан муҳим саволга ойдинлик киритди.

Аввал хабар қилганимиздек, 2002 йилда туғилган, Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-босқич талабаси, грант асосида ўқиётган, ота-онасининг ягона боқувчиси бўлган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов ўз синфдошларидан иборат телеграм гуруҳга диний қўшиқ – нашид жўнатгани учун 2022 йил октябрь ойида Тошкент вилояти ИИББ томонидан ушланиб, 2023 йил 8 май куни суд ҳукми билан уни 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бу ҳукм ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Муносабатларда қўлланган жазо номутаносиблиги қайд этилди.

“Йиллар давомида етим қизларни зўрлаб келган педофил амалдорларга 1,5 йил шартли жазо берилса-ю, диний қўшиқ учун 3 йил реал озодликдан маҳрум этиш тайинланадими? Диний қўшиқ эшитиш вояга етмаган етим қизларни муттасил зўрлаш ва уларга қўшмачилик қилишдан кўра жамият учун хавфлироқ эканда?” деган муносабатлар билдирилди.

У.Ж.нинг онаси Олий судга фарзандини кечиришларини сўраб, йиғлаб видеомурожаат қилиб чиқди. Фарзанди бу ишга билмасдан, ҳаётида биринчи марта қўл ургани, ўша қўшиқнинг маъносини ҳам тушунмаслигини билдирди.

Бунинг ортидан, Тошкент вилояти ИИББ бу мавзу юзасидан маълумот берди.

Бироқ Тошкент вилояти ИИББнинг бу баёноти маҳаллий ОАВда ғирт туҳмат ва бўҳтонларга тўла экани таҳлил қилинди.

Хусусан, Kun.uz сайтиФаолларни нохолис ахборот тарқатишда айблаган ИИББ баёнотининг ўзида – ишга доир ҳужжатлар ҳамда суд ҳукмига тўғри келмайдиган бир қанча нотўғри маълумотлар ва туҳмат борлигини кўриш мумкин” дея суд ҳукми ва баёнотда қайд этилган маълумотларни таққослаб чиқди.

Келтирилишича, “Тошкент вилояти ИИББ тезкор-қидирув тадбирлари давомида 21 ёшли йигитни “Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушиш ҳамда ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган”ликда айблангани билдирилган.

Ваҳоланки, суд ҳукмида ҳам, айбланувчининг яқинлари Kun.uz'га тақдим қилган, Янгийўл туман ИИБ терговчилари имзоси билан тасдиқланган айблов хулосасида ҳам бундай маълумот йўқлиги қайд этилган нашр томонидан.

Яна бир келтирилган таққосга кўра эса, “ИИББ Жаҳонгир Улуғмуродовни “халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида интернет орқали “жиҳод” ва “шаҳидликка чорлов” маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган”ликда ҳам айблаган.

Айблов хулосасида ҳам, суд ҳукмида ҳам бундай маълумот йўқ”лигини нашр қўлидаги мавжуд айблов хулосаси ва суд ҳукми таҳлил қилган.

Яъни, айбланувчи ИИББ айтганидек ноқонуний материалларни “тарқатиш билан шуғулланган” эмас, балки бир маротаба Telegram гуруҳга юборган. Шунингдек, Жаҳонгир Улуғмуродов айблов хулосасида ҳам нашид маъноларини тушуниб етмагани, билмасдан тарқатгани ҳамда айбидан пушаймон экани ёзилган”лигини ва “ИИББ баёнотидаги “халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида”, деган маълумот, ҳужжатларга таянилса, туҳмат бўлиб қолмоқда” дея қайд этган нашр.

Platina.uz таҳририяти ушбу таққос ва таҳлиллар, айбланувчининг онаси томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаатлардан сўнг, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан боғланиб, суднинг бу ҳукми юзасидан протест киритилиши мумкинми, деган савол билан мурожаат қилди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, “ҳозирги кунда прокуратура томонидан суд ҳукмига протест келтириш масаласи куриб чиқилаётгани йўқ”.

Эслатиб ўтамиз: жорий йил январ ойида телефонидан диний нашида топилган яна бир 21 ёшли йигит – Сардор Раҳмонқулов ҳам 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Кейинроқ, жамоатчиликнинг кескин этирозлари ортидан, апелляция судининг ажримига мувофиқ, Раҳмонқуловга тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳукмга ўзгартирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди ва у суд залида озод қилинган эди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+