Нашид учун қамалган талаба бўйича жамоатчилик фикрига муносабат билдирилди
Грант асосида ўқиётган, ота-онасининг ягона боқувчиси бўлган талаба ўз синфдошларидан иборат телеграм гуруҳга диний қўшиқ – нашид жўнатгани учун суд ҳукми билан 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ушбу жазо бўйича жамоатчилик томонидан турли муносабатлар билдирилди. Тошкент вилояти ИИББ ана шу муносабатларга жавоб берди.
Хабарингиз бор, 2022 йил октябрь ойида Тошкент вилояти ИИББ томонидан 2002 йилда туғилган, Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи, грант асосида ўқиётган, ота-онасининг ягона боқувчиси бўлган ювош бир талаба ўз синдошларидан иборат телеграм гуруҳга диний қўшиқ – нашид жўнатгани учун ушланиб, суд ҳукми билан уни 3 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Бу ҳукм ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида катта норозиликларга сабаб бўлди. Ҳукмни номутаносиб, деб топишди.
“Йиллар давомида етим қизларни зўрлаб келган педофил амалдорларга 1,5 йил шартли жазо берилса-ю, диний қўшиқ учун 3 йил реал озодликдан маҳрум этиш тайинланадими? Диний қўшиқ эшитиш вояга етмаган етим қизларни муттасил зўрлаш ва уларга қўшмачилик қилишдан кўра жамият учун хавфлироқ эканда?” деган муносабатлар билдирилди.
Тошкент вилояти ИИББ бу мавзу юзасидан маълумот берди.
Унда айтилишича, тезкор-қидирув тадбирлар давомида “У.Ж.” Сурияда фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушган ва ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган.
У, халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида Интернет орқали “жиҳод” ва “шаҳидликка чорлов” маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган.
Хусусан, “У.Ж.” томонидан тарқатилган материаллар орасида “Шахид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли нашида ҳам бўлиб, унда ўзбек тилида “мужоҳид бўлиш насиб қилгани, карвондан қолмасдан уларга эргашиш кераклиги, шаҳид бўлиб кетиш орзулари экани, Аллоҳ берган жонни Аллоҳга сотишлари, Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишлари, тоғутларга қарши курашиш ва мужоҳид бўлиб уларга эргашиш керак экани” мазмунидаги чорлов сўзлари келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг экспертлик хулосасига кўра, ушбу маълумотлар диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.
Ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 20 февраль куни фуқаро “У.Ж.” га нисбатан Жиноят кодексининг 244 (1)-моддаси учинчи қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жорий йилнинг 8 май куни Тошкент вилояти Оққурғон туман суди томонидан “У.Ж.”нинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда, белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Баёнот сўнгидаги эслатмага кўра, “Шу билан бирга, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 121-моддасига биноан, Интернет тармоғидан жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш ёки қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
“Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида эса журналистнинг мажбуриятлари қаторида ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги кўрсатилган”.