platina.uz
Жаҳон

Уч йил аввал ҳукумат яширишга уринган Covid-19 авж олган вазиятни оммага ошкор қилган фуқаро қамоқдан озод қилинди

Уханлик фуқаро Фанг Бин марказий Хитойдаги Covid-19 сабаб оғир эпидемик вазиятни кўрсатувчи видеотасвирни тарқатганидан сўнг ғойиб бўлганди. Чунки ҳукумат мамлакатда глобал фавқулодда ҳолат кўлами ҳақидаги маълумотларни яширишга уринган. 

Уч йил аввал ҳукумат яширишга уринган Covid-19 авж олган вазиятни оммага ошкор қилган фуқаро қамоқдан озод қилинди

Ухан шаҳрида Covid-19 нинг дастлабки авж олишини ҳужжатлаштирган дўкончи Фанг Бин Хитойда уч йил қамоқда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди.

Манбаларнинг айтишича, Фанг Бин қамоқда сақланиш пайтида овқат етишмовчилиги ва кам ухлаш оқибатида жуда қийналган ва озиб кетган. Унинг 2020 йил бошида ижтимоий тармоқларга жойлаган видероликлари сирли вируснинг жуда тез тарқалаётгани ва кўп ўлимга сабаб бўлаётганини ошкор қилди. Бу эса Хитойдаги ўта қаттиқ цензура қилинадиган давлат ОАВ тарқатган расмий версияга мутлақо зид келарди.

Хитой ҳукумати 2020 йил январида Ухан шаҳрини ёпиб қўйди. Бироқ соғлиқни сақлаш учун мутасадди идоралар орадан 4 ҳафта ўтганидан сўнггина одамлар орасида қандайдир сирли вирус тарқалаётгани ҳақида дунё ҳамжамиятини хабардор қилишди.

Уханда кийим сотиш билан шуғулланган Фангнинг видеоларидан бирида оғир касаллар тўлиб кетган касалхона йўлаклари ва уларнинг ёнида ғамгин турган қариндошларини кўрсатган. Видео давомида Фанг юк машинасига мурда учун ортилган қопларни санаб кўрсатган. Бу тасвирлар хитойликларнинг диққатини тортиб, жунбушга келтирди, чунки ўша пайтда одамлар шаҳарнинг вирус эпицентрида нима бўлаётганини билишга жуда ташна эди.

Фанг охирги видеосида унинг эшиги олдига бир гуруҳ одамлар келиб, саволлар бераётганини кўрсатиб, уйи полициячилар томонидан ўраб олинганини маълум қилган. “Халқ қўзғолсин, ҳокимиятни халққа қайтаринглар” деган Фанг ушбу видеосида.
Шундан кейин Фанг изсиз йўқолди.

Унинг қариндоши CNNга хабар беришича, Фангнинг бўйнига “жанжал кўтариш ва нохуш воқеаларга сабабчи бўлиш” айбини қўйишиб, уч йил озодликдан маҳрум этишган. Бу моддани одатда активистлар ва ҳукуматни танқид қилувчи инсонларнинг овозини ўчириш учун қўллашади.

Ўтган йил охирида Хитой Covid-19 ни назорат қилиш учун ўрнатган чекловларини бироз юмшатди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Хитойда Covid хасталигидан 120 минг киши ҳалок бўлган. Лекин экспертлар ҳақиқий рақамлар бундан бир неча баробар катталигини айтишади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid