Ҳаж сафарини амалга оширган аёллар ўғирлик қилгани ростми?
Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси “Хоразм вилоятида яшовчи бир гуруҳ аёлларнинг Ҳаж сафарини амалга ошириш пайтида ўғирлик содир этишганлиги тўғрисида” тарқалган хабарлар бўйича бирламчи тафсилотларни маълум қилди.

Сўнгги кунларда телеграм мессенжеридаги турли гуруҳ ва саҳифаларда Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи уч нафар хотин-қизларнинг “ҳаж сафарига борган пайтида Макка шаҳрида барча мусулмонлар намозга кетган вақтида уч аёл бўлиб, дўкондан тилла тақинчоқларни ўғирлаганликлари, Арабистонга келса, ўғирлик қилганликлари учун қўлини чопишлари, келмаса калласини чопиб Арабистонга олиб боришлари тўғрисида”ги овозли хабарлар кенг тарқалди.
Мазкур овозли хабарда номлари келтириб ўтилган фуқароларнинг Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига қилган мурожаатига асосан олиб борилган текширувлар натижасида ушбу овозли хабарларни тарқатган шахслар аниқланди.
“Дастлабки суриштирувлар жараёнида улар ушбу овозли хабарларни ҳеч қандай асоссиз тарқатишганлиги маълум бўлди. Ҳозирги пайтда овозли хабарларни тарқатган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда” демоқда Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Умра сафарига жўнатишни ваъда қилган фирибгарга чора кўрилган.