Ҳаж визаси бўйича муҳим хабар эълон қилинди
Саудия Ҳаж вазирлигининг янги талаблари бузилган ёки ёлғон маълумот берилган тақдирда, Ҳаж вазирлиги чоралар кўрилишини билдирган.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги “Ҳаж – 2026” мавсумида зиёратчида “Нусук” платформасидан олинган тиббий соғломлик тўғрисида гувоҳнома бўлган тақдирда унга ҳаж визаси берилиши ҳақида баёнот эълон қилди.
Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаж сафари билан шуғулланувчи вазирлик ва идораларга ҳар бир зиёратчини синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ҳаж сафарига бориш лаёқатига мос келмайдиган касаллик бор-йўқлигини аниқлаш мажбуриятини юклади. Бу талаб ҳожилар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилган.
Ҳаж-2026 ҳожилари тиббий кўриклардан ўтмасдан ва тегишли гувоҳнома олмасдан ҳаж визасини расмийлаштира олмайдилар.
Эндиликда қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчилар ҳаж сафарига юборилмайди:
- диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;
- минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;
- даврий ёки доимий равишда кислороддан фойдаланишни талаб қилувчи ўпканинг сурункали касалликлари;
- жигар етишмовчилиги белгилари билан кечувчи жигар циррозининг оғир босқичи;
- оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;
- қарилик деменсияси касалликлари;
- ҳомиладорликнинг охирги уч ойи, шунингдек, юқори хавфга эга бўлган ҳар қандай ҳомиладорлик;
- фаол юқумли касалликлар (шу жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва ҳоказо);
- кимётерапия ёки бошқа иммунитетни сусайтирувчи муолажалар давомида кечаётган фаол онкологик касалликлар.
Саудия Ҳаж вазирлигининг мазкур талаблари бузилган ёки ёлғон маълумот берилган тақдирда, тегишли чоралар кўрилиши билдирилган.