Қирғиз чегарасида ертўла қазилган уй давлат эгалигига ўтказилиб, йўл кўмиб ташланадиган бўлди
Чегарада ертўла қазиган бир гуруҳ шахслар Жиноят кодексининг 182 ва 223-моддалари билан айбдор деб топилди.
Шунингдек, жиноят иши доирасида ашёвий далил сифатида олинган 7 млрд 603 млн 650 минг сўмга баҳоланган 2707 дона мобил телефон аппаратлари давлат эгалигига ўтказилади.
Бундан ташқари, ерости йўли жойлашган умумий ер майдони 1524 м2 бўлган уй давлат эгалигига ўтказилиши ва йўл кўмиб ташланиши белгиланди.
Эсингизда бўлса, 2022 йилнинг 23 июнь куни “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасидан ўтувчи яширин ерости йўли фош этилганди. Дастлаб, маҳаллий фуқаро машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий баҳоси 7 млрд 603 млн 650 минг сўмни ташкил қилувчи 38 турдаги 2707 дона мобил телефон аппаратлари борлиги аниқланган.
Сўнгра у вақтинча яшаб келаётган Риштон туманидаги хонадонда Қирғизистонга олиб ўтувчи 10 метр пастликда, баландлиги 2 метр, кенглиги 1,2 метр, узунлиги 128 метр бўлган, тушиб-чиқиш учун лифт билан жиҳозланган ерости йўли борлиги аниқланган эди.
Маълум бўлишича, Данғара туманида яшовчи, 1991 й.т. ушбу шахс “ўзбек-қирғиз” давлат чегараолди ҳудудида жойлашган ҳовли уйлардан сотиб олиб, уларнинг кўча томон қисмларини баланд деворлар билан тўсган ва жиноий ҳаракатларини яшириш қилиш мақсадида ҳар иккала уйда: Қирғизистондагисида пенаблок ишлаб чиқариш, Ўзбекистондагисида эса чорвачиликни йўлга қўйган.
Сўнгра Данғара туманида яшовчи 5 нафар фуқарони ерости йўли қазишга ёллаган. Ерости йўли қуриб битказилганидан кейин, у орқали Қирғизистондан ноқонуний тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини, хусусан, мобил телефонлар, матолар, тиббиёт буюмлари ва дори воситаларини Ўзбекистонга, Ўзбекистондан эса кўп миқдордаги хорижий валютани қўшни давлатга ўтказиш билан шуғулланган.
Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Фарғона вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳукми билан бир гуруҳ шахслар Жиноят кодексининг 182 ва 223-моддалари билан айбдор деб топилиб, уларнинг 3 нафарига 6 йилдан 7 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этиш, қолган 3 нафарига эса ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.