Қарийб 4500 долларга PUBG профилини сотиб, уни бермаган самарқандлик вояга етмаган бола ушланди
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан 16 ёшли болага нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилинишича, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида яшовчи вояга етмаган 16 ёшли Т.Ж ўзига тегишли бўлган Telegram мессенжердаги “FRENZY AKKAUNT”ти орқали “PUBG” ўйинининг профилини 7.000 АҚШ долларига сотиши ҳақида реклама жойлаштирган.
Ушбу ўйиндаги профилини ўзига олдиндан таниш бўлмаган Тошкент шаҳри Яккасарой туманида яшовчи 14 ёшли И.С.га сотишлигига келишиб, ундан жами 4.450 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни ўзига тегишли бўлган пластик картасига ўтказиб, И.С.га эса “PUBG”даги профилини бермасдан, ундан олган пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Т.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “г” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
