“Нол”лаштирилган бож: қоғоздаги арзонлашув бозордаги нарх-наволарга тўғри келяптими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 мартдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 36 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишга 2024 йилгача божхона божининг ноль ставкасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу фармонни глобал озиқ-овқат инфляциясига нисбатан пухта ўйланган, самарали жавоб чораси, дейиш мумкин. Хусусан, ўсимлик ёғи, сут ва гўшт нархлари сўнгги 30 йил ичида, дон маҳсулотлари ва шакарнинг қиймати сўнгги 10 йил ичида рекорд даражада ўсиши кузатилди.
Ноль ставкалар жорий этилгандан кейинги бир қатор йирик супермаркет раҳбарлари ижтимоий тармоқларда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи сезиларли даражада пасайгани ҳақида видеомурожаат билан чиқди. Аммо халқимизда "Отанг бозор, онанг бозор" деган нақл бор. Шу сабаб аксарият ҳамюртларимиз кундалик эҳтиёж учун керак бўладиган озиқ-овқат маҳсулотларини асосан бозорлардан харид қилишларини инобатга олиб, пойтахтимизнинг бир нечта деҳқон бозорларида бўлиб, нарх-навони ўргандик.
Бозор ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари бўлиб, унда нархлар сезиларли даражада пасайган.
“Фарҳод” деҳқон бозори АЖ директор ўринбосари Абдулазиз Шодмоновнинг билдиришича, бозорлардаги 23 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини аҳоли арзон нархда сотиб оляпти.
Арзонлаштирилган ярмаркаларидан ташқари бозорнинг турли нуқталарида жойлашган савдо расталарида нархларнинг ўзаро тафовутини сезиш мумкин. Тўғрида, ахир тадбиркор ўзи харид қилиб олиб келган маҳсулотини ўзи учун қулай нархда сотиши мумкин.
Суриштирувимиз давомида пойтахтимизнинг "Эски Жува” деҳқон бозорида этиборимизни тортган энг муҳим жиҳат помидорнинг нархи 20 минг сўм эканлиги бўлди. Бошқа бозорларда 35 мингдан 40 минг сўмгача сотувда бўлган ушбу маҳсулот бу ерда қарийб ярим нархда сотилмоқда.
Биз бугун фақат пойтахтдаги 2 та озиқ-овқат бозоридаги нархлар билан сизни таништирдик. Гувоҳ бўлдикки, арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида бир қанча истеъмол товарларининг нархи сезиларли даражада арзон.
Мутахассисларнинг тахминларига кўра, нархларнинг пасайиши чакана савдода ҳам кузатилади. Бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш борасида қабул қилинган фармонга мувофиқ тузилган ишчи гуруҳ ички бозордаги нархлар ўзгариши динамикасини мониторинг қилади ва уларни барқарорлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади. Platina.uz жамоаси бу борада ўрганиш ишларини ҳали яна давом эттиради.