Ўзбекистонда сабзи, пиёз, гуруч ва бензин қимматлашди
Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,4% га, ноозиқ-овқат товарлари 0,2% га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,1% га қимматлашгани кузатилган.

Август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,2% га ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
2026 йилнинг август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,2% га ошган.
Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 6,2% ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил август — 8,8%) нисбатан 2,6 фоиз бандга пасайди.
Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,4% га, ноозиқ-овқат товарлари 0,2% га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,1% га қимматлашгани кузатилган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан сабзи (9,2%), пиёз (6,2%), узун бошоқли гуруч (2,4%), юмалоқ бошоқли гуруч (2,3%), тарвуз (7,5%) нархларининг ошиши инфляцияга таъсир кўрсатди.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида узум (-10,9%), булғор қалампири (-9,2%), олма (-7,2%), нок (-6,0%), бақлажон (-5,5%), карам (-4,9%), картошка (-3,3%) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин (6,7%), АИ-95 маркали бензин (4,9%), АИ-92 маркали бензин (1,1%) нархи ошиши кузатилди.
Шунингдек, хизматлар нархи ва тарифларида халқаро авиақатновлар (1,7%), шаҳарлараро автомобиль транспортида йўловчи ташиш (0,6%), ижарага олинган турар жойлар учун ҳақ (0,4%) нархларининг ошиши кузатилди.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 2 миллиондан ортиқ нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.
